Шифокор қайдлари. Иккинчи қисм. Бечора шифокор ҳақида ҳам ўйланг

Шифокор қайдлари. Иккинчи қисм. Бечора шифокор ҳақида ҳам ўйланг

Сал олдинроқ сайтимизда чоп этилган “Шифокор қайдлари: Ўзбекистонда тиббиёт соҳаси кадрлари қандай тайёрланмоқда? (1-қисм)” мақоласи фойдаланувчиларда катта қизиқиш уйғотиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларига бой бўлганди. Ваъда қилганимиздай, шифокор қайдларининг иккинчи қисмини чоп этяпмиз. Муаллиф ва шартлар ўзгармаган.

«Тирикчилик ҳақидаги ўйлар шифокорни
бемор ва тиббиётдан чалғитмаслиги учун  
у қиммат отда юриши, қиммат узук тақиши,
яхши уйда яшаши керак».
 
Абу Али ибн Сино.

 
 
Катта ҳаёт бошланди

Ниҳоят тиббиёт олийгоҳи умрида скальпель ушлаб кўрмаган, анатомия хонасида ишламаган, аммо шифокор дипломига эга “мутахассис”ни чиқарди. Ишга жойлашиш масаласида яна алоқалар ва пул бош ролни ўйнайди. Ўрин қанчалик “пулли” бўлса, шунчалик қиммат туради. Масалан, ўтган йили ҳатто поликлиникага ҳамшира бўлиб ишга кириш қарийб 500 шартли белгини, клиника ёки туғруқхонага жойлашиш эса 1000 шартли белгини ташкил этганди. Шифокорга эса ишга жойлашиш ундан ҳам қимматга тушади.

Тиббиётда аёллар алоҳида мавзу, десак ҳам бўлади. Тиббиёт олий ўқув юртини битирган қиз доим орзудаги келин бўлгани боис унинг иш жойи бир-икки йилга банд бўлади, холос. У турмушга чиққанидан кейин, бирор-бир жамоани бироз вақтга “бахтиёр” қилади-да декрет таътилига чиқиб кетади. Умуман олганда эса, шифокор аёл мутахассис сифатида ўсиши қийин, чунки миллий анъаналар ишга бош билан шўнғиб кетишга ва профессионал жиҳатдан ўсишга йўл қўймайди. Нафсонияти кучлироқ ёш шифокорлар эса диссертация ёзади ёки унга шунчаки “буюртма” беришади. Мана шундай “мутахассис” кейин ишга чиқади. У устомонлик билан сермаъно қиёфага киришни, виқор билан бош силкитишни билади, “ўйлаб кўриш, маслаҳатлашиш керак” сўзларидан эса бемор буткул ийиб кетади ва унинг олдида чуқур ўйлайдиган ва жиддий мутахассис тургандай кўринади. Бундай шифокорни, агар орқаси “бақувват” бўлса, етакчи жарроҳ қилиб тайинлашлари ҳам ҳеч гапмас, бунинг устига маошини ҳам каттароқ қилиб беришади (аслини олганда эса, тиббиёт ходимларининг маоши урвоққаям ярамайди).  

Одатда клиника раҳбари бундай мутахассиснинг ҳақиқий баҳосини билади ва шунинг учун “етакчи жарроҳ” камдан-кам ҳолларда ўзи операция қилади, унинг бригадасига ишнинг масъулиятли қисмини ўз бўйнига олувчи ва операцияни амалга оширувчи тажрибали мутахассис қўшиб қўйилади.

Агар бундай “мутахассис” бўлим мудири бўлиб қолса борми.., буёғи энди кулгили эмас. Касалхонада ётган кимса борки, “обход” (беморларни кўрикдан ўтказиб чиқиш) нималигини яхши билади. Олдинда мудир, унинг ортидан турнақатор ординаторлар, интернлар эргашади.  Бемор ётган каравот ёнидаги қисқача маълумотлар, лотинча сўзлар, саволлар-жавоблар, кўрсатмалар. Бу ҳодисанинг бошқа томонидан, яъни ичкарисидан, шифокорлар томонидан эса жуда камчилик хабардор.

Кўп ҳолларда ҳамма ординаторлар хонасидаёқ огоҳлантирилади : “айтганимдай қил, уйингда баҳслашасан. Касалликлар тарихингни ёзиб юравер, ақллилик қилма”. Агар тўсатдан нимадир ўхшамаса, унда одатий баҳона ишга тушади – ординатор нотўғри тушунибди, нотўғри қилибди. Магистратура, ординатурадан ўтганлар борки, буни яхши билади.

Беморни эмас, ўз фойдасини кўзлаб
 
Маҳаллий тиббиётдаги алоҳида муаммо –  бу касалхона ёки клиника раҳбариятининг фармацевтика компанияси ёки конкрет дорихона билан боғланганлиги. Бу муассасалар у ёки бу препаратни ва анжомларни илгари суриш ва сотганлик учун клиника раҳбариятини “мукофотлаб туради”, оддий қилиб айтганда, конкрет препаратларни тайинлаганлик учун “откатлар” қилинади. Айрим ҳолларда фармацевтика компаниялари ҳисобидан операция хоналари кондиционерлар билан жиҳозланади, касалхона бўлимларига совутгичлар қўйилади. Бу ҳолда препаратлар Ўзбекистонда ёки хорижда ишлаб чиқарилган самаралироқ ва арзонроқ аналоглари бўлса ҳам тайинланади.
 
Бемор, рўйхатни олинг
 
Негадир пуллар ҳақидаги, тиббиёт ходими ёки ўқитувчи меҳнатининг баҳоси ҳақидаги суҳбатлар беадаблик ҳисобланади. Ҳолбуки, кўпгина муаммоларнинг асосида айнан малакали меҳнатга мос келмайдиган ҳақ тўланиши ётади.

Коммунистик мафкура йўқолиши билан истеъмолчилик кайфиятининг ўсиши, доимий пул танқислиги ёш мутахассисларнинг ҳали заиф қалбини кемира бошлади. Бу ҳатто фақат беморлар ҳақида қайғуриб, тирикчилик ва ҳаракат воситаси ҳақидаги ўйларга чалғимасдан яшашни истаганларни ҳам қамраб олди.

Беморни қабул қилаётган шифокор ўз ёрдамчилари – ҳамширалар ва энагалар ҳақида ҳам ўйлаши керак. Маоши ойига 300 минг сўм бўлган ҳамшира ҳам тирикчилик қилиши керак-да. Шу боис малакали ҳамширанинг ёрдамига муҳтож шифокор у кўпроқ пул тўланадиган жойга кетиб қолмаслиги ҳақида қайғуради. Тўғри, беш бармоқ ҳам бир хил эмас, шифокорларнинг кўпчилиги – ўз ишининг фидойиларидир. Албатта, алоҳида альтруистлар ҳам бор, аммо уларнинг интилиши ҳамма вақт ҳам рўёбга чиқавермайди, чунки маблағ борасида аҳвол жуда оғир.   

Ўзингиз ўйлаб кўринг, тажрибали шифокорнинг маоши 600 минг сўм. Бу нафақат автомобиль сотиб олишга, балки оиласининг кам-кўстига ҳам етмайди.  

Бундан ташқари, шифокорлардан олинадиган ички “йиғимлар” ҳам мавжуд. Кандайдир комиссия келиши маълум бўлиб қолдими, ҳамма шифокорлардан пул йиғилади. Бермасдан қаршилик қилиб  кўринг-чи, шифокорни ишдан бўшатиш учун баҳона доим топилади, бироқ ишга жойлашиш эса ҳамма вақт муаммоли, чунки иш излаб юрган шифокорларнинг сон-ҳисоби йўқ.

Таъмирлаш ишлари-чи? Бюджет томонидан ажратиладиган маблағлар умуман етмайди, шу боис таъмирлаш ишларининг харажати ҳам шифокорларнинг елкасига тушади. Улар пулни қаердан олишини эса, тушунтиришга хожат йўқ деб ўйлайман.

Шахсий клиникани очиш мураккаб иш, унга жуда катта маблағ керак, тез-тез ўзгариб турадиган йўриқномалар ва талаблар эса хусусий шифокорнинг ҳаётини баъзида чидаб бўлмайдиган даражага етказади.

Шундай қилиб, юқори трибуналардан туриб айтиладиган баландпарвоз гаплар фонида биздаги раҳбарият (клиника, Соғлиқни сақлаш вазирлиги) томонидан реал шифокорларга бўлган муносабат жуда аянчли, десак адашмаймиз.

Байрамларга бир ҳафта қолганида ўз муассасасининг ҳудудини ёки баъзида ўз иш жойидан узоқда бўлган кўчани супураётган оқ халатлардаги одамлар – ҳар биримизга таниш манзара.  Шанбаликларнинг ҳаммаси оҳиста якшанбаликларга ўтади ва ҳафта давомида беморлар билан ишлаган, операциялар қилган одамлар тротуарларни супуради. Аччиқ манзара.

Кузда тиббиёт ходимлари пахта теримига жўнатилади ёки мардикорларнинг меҳнат ҳақини тўлаш учун шифокорларнинг маошидан олиб қолинади. Энди пахта мавсумидаги харажатлар бошланади – шифокор яшаш жойи ва овқати учун ўз чўнтагидан тўлайди.

Беморлар, албатта, бундан бехабар. Улар операция, дори-дармон ва бошқаларга кетадиган чиқим материалларини беморнинг чўнтагидан олишдан бошқа чора йўқлигини ҳам билмайди. Айнан шу боис ҳам операция олдидан бемор ёки унинг қариндошларига дори-дармонлар ва ювиш воситалари ёзилган рўйхат тутқазилади.  
Шундан кейин ҳам шифокорлар миннатдорчилик кутадими? Албатта, кутади. Беморлардан оддий инсоний миннатдорчилик сўзларини кутади, раҳбарлар томонидан муносиб баҳони кутади, қабул ёки операция пайтида пул ҳақида ўйламасликка имкон берувчи маошни кутади. Сизни ишонтириб айтаманки, виждонли шифокорлар ўз касбини шарманда қилаётганлардан кўра кўпроқ. Шу билан бирга, ҳеч ким касал бўлмаслигини ва чаламулла шифокорларнинг қўлига тушмаслигини тилаб қоламан.
  
Давоми бор.

Олий тоифали шифокор,
Алишер А. 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.