Milliy телеканалида эфирга узатилган “Тез ёрдам” кўрсатувининг сонларидан бирида шифокор Клара Ёдгорова тўғридан-тўғри эфирда “Плаквенил” препаратини (таъсир кўрсатувчи моддаси - Гидроксихлорохин) COVID-19 га чалинган беморларда қўллаш хавфли эканини қайд этди. Ушбу препаратни тайинлаш индивидуал бўлиши керак.

«Бугунги кунда COVID-19 ни даволаш учун ушбу препаратнинг самараси ва хавфсизлиги ҳақида хулосалар қилишга етарлича клиник асослар мавжуд эмас. Мустақил тадқиқотларнинг дастлабки натижалари қўшимча таҳлилларни ҳамда ишончлироқ ва кўламлироқ клиник тадқиқотларни талаб қилмоқда», - дейилади «Санофи» компаниясининг шу йил 23 апрелдаги мурожаатида.

Шунингдек ишлаб чиқарувчи мазкур препаратнинг ножўя таъсирлари ҳақида ҳам огоҳлантиради: “Плаквенил препаратини тайинлаганда беморларни албатта унинг ножўя самаралари ҳақида хабардор қилиш зарур. Буларга хусусан, препарат билан узоқ терапияда кўриш қобилиятининг бузилиши (ретинопатия кўриш майдонининг буўилиши билан), кардиотоксик таъсир (юрак ритмининг бузилиши QT интервали узайиши билан, қоринча аритмияси) киради. Шунингдек неврологик, гепатотоксик, тери ва аллергик реакциялар қайд этилиши мумкин”.
 
Кўрсатувда Клара Ёдгорова ЖССТ март ойида препаратларнинг натижавийлигини исботлаш учун “Ҳамкорликда халқаро тадқиқот”ни бошлади, бу препаратлар орасида “Плаквенил” ҳам бор эди. Тадқиқот давомида коронавирусга чалинган 96 мингта бемор ҳақидаги маълумотлар тўпланди ва улар Гарвард ва Цюрих университетлари олимларига тақдим этилди.

Олимлар бу дорилар нафақат натижа беришини, балки беморларда ўлим ҳолатлари хатарини ошириши мумкинлигини ҳам аниқлади. ЖССТ 27 май куни янги вақтинчалик қўлланмани чоп этди ва давлатларга ушбу қўлланма асосида ўзларидаги даволаш стандартларини қайта кўриб чиқишни тавсия этди.
 
Ўзбекистонда Миллий палата экспертлари ССВ ишчи гуруҳи билан ҳамкорликда 30 июнь куни иккита янги қўлланмани ишлаб чиқди. Булар – уйда даволанаётган COVID-19 нинг енгил шаклига учраган беморлар учун ва стационарда даволанаётган оғир шаклдаги беморлар учун. Ушбу қўлланмалардаги маълумотлар 13 июль куни соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланди ва эълон қилинди. Ушбу қўлланмадан  гидроксихлорохин («Плаквенил») препарати чиқариб ташланди.

 «Бу протокол тиббий ходимлар учун жуда муҳим, чунки сўз одам ҳаёти ҳақида бормоқда. Биз ЖССТ тавсиялари асосида ишлашимиз керак. Биз ЖССТ аъзоси сифатида даволашнинг илғор усулларини жорий этишимиз лозим», - дейди аввалги “Тез ёрдам” кўрсатувларида ҳам “Плавенил” препаратини қўллашга қарши чиққан Клара Ёдгорова.
 
Кўрсатув бошловчиси Комил Алламжонов ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожааб қилиб, Клара Ёдгоровани таъқиблар ва таҳдидлардан ҳимоя қилишни сўради.