Қўштепа — Андижон вилоятидаги яна бир қадимий шаҳар

Қўштепа — Андижон вилоятидаги яна бир қадимий шаҳар

 2013 йили Андижон вилояти Қўрғонтепа туманидаги Қорасув шаҳрида жойлашган “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги” маҳалласи ҳудудидаги археологик ёдгорликларни инвентаризация қилиш давомида олдин номаълум бўлган Қўштепа қишлоғи қолдиқлари топилди. Ушбу жойни дарҳол режали ўрганишга қарор қилинди.

Шу тариқа, Қўштепа объектида Ўзбекистон ФА Археология институтининг катта илмий ходими,  тарих фанлари  номзоди Б.Абдуллаев ва Андижон вилоят Ўлкашунослик музейининг тарих бўлими мудири И.Раҳимов бошчилигида археологик тадқиқот ишлари бошланди.

Бугунги кунга келиб илк маълумотлар олинди. Ушбу қадимий ёдгорлик деярли бир гектар ерни эгаллаган бўлиб, баландлиги 4-7 метрни ташкил этувчи иккита тепаликдан иборат. Тахминларга кўра, бу бир неча гектарга чўзилган аҳоли пунктининг марказий қисми ҳисобланади. У мудофаа вазифасини бажарувчи қалъа девори билан ўралган бўлган. Бизгача ушбу мудофаа иншоотининг қолдиқлари етиб келмаган бўлса-да, бироқ бутун “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги” маҳалласи бўйлаб топилган қадимий осори-атиқалар унинг мавжуд бўлганидан далолат беради.    

Археологик тадқиқотлар 60 метр квадрат майдонда олиб борилмоқда қазиш чуқурлиги икки метрни ташкил этади. Қўштепанинг устки маданий қатламида асосан лой, шағал ва қисман хомашё ғиштидан иборат баландлиги 1-1,2метр бўлган платформа борлиги аниқланди. Асрлар давомида намлик, шамол ва қуёш таъсири остида иншоот деворлари нураб тушган ва бизгача етиб келмаган. Шунга қарамасдан, платформа юзасида буғдой ва бошқа маҳсулотларни сақлаш учун диаметри 1-1,4 м бўлган ўралар топилди. Уларнинг сони ушбу “омборча”ларда бутун қишлоқ учун озиқ-овқат сақланганидан далолат беради.

Қазишма ишлари давомида ҳам Қўштепа мавжуд бўлган сўнгги давр (эрамизнинг VII-VIII асрлари), ҳам ундан олдинги давр (эрамиздан олдинги V-IV асрлар)га мансуб лой идишлар топилди.

Бундан ташқари, тадқиқ этилаётган майдоннинг шимолий қисмида узунлиги 5 метрни ташкил этувчи девор қолдиқлари топилиб, улар шарқдан ғарбга қараб кетгани ва эни 1,5 метр бўлгани аниқланди.

Олиб борилган археологик қазишма ишлари ва топилган қадимий буюмлар ушбу катта иншоот III-V асрларда, яъни қадимий Довон давлатининг охирги босқичларида фойдаланилганини муайян ишонч билан тахмин қилиш имконини беради. Унда ушбу даврдан минг йил олдин одамлар яшаган, деб ёзади “12news”.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.