Нукус давлат педагогика институтининг ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Д.С. ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 доллар олган вақтида ушланди. Бу ҳақда «Дарё» нашри Бош прокуратурага таянган ҳолда хабар беради.
 
Маълум бўлишича, у хизмат мавқейидан фойдаланган ҳолда фуқаро Т.нинг ишончига кириб, уни танишлари орқали мазкур институтга ўқишга киритиб қўйиш эвазига 3000 доллар талаб қилган. Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Кегейли туман бўлими томонидан прокуратура, ДХХ ва ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, бу пулларни олаётган вақтида ушланган.
 
Шунингдек, департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, Бухоро муҳандислик технология институти декан ўринбосари М.А. ва Тошкент Давлат ирригация ва қишлоқ хўжалиги механизация институти Бухоро вилоят филиали талабаси М.Қ. ҳам пора билан қўлга олинган.

Улар О.ни Москва давлат радио электроника ва радио техника институтига ўқишга кириши учун онлайн тарзда бўладиган тест синовларидан ўтказиб бериш эвазига 2 500 доллари талаб қилиб, шундан 1 500 долларни олган вақтида ашёвий далил билан ушланган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168 (Фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (Пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
 
Facebook саҳифамизга обуна бўлинг