15 августдан автотранспорт воситаларининг кун давомида юриши, маҳаллий авиа ва темир йўл қатнови учун рухсат бериш кераклиги айтилди. Санаторийлар, меҳмонхоналар, музейлар, болалар оромгоҳлари, дала ҳовлилар ижараси, гўзаллик салонлари, сартарошхоналар, очиқ ҳавода хизмат кўрсатадиган умумий овқатланиш объектлари фаолияти ҳам тикланади. Белгиланган талабларга амал қилган ҳолда уйда 30 кишилик оилавий маросимлар ўтказиш мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг матбуот хизмати хабар беради.

17 августдан ҳудудлар ўртасида автотранспорт қатнови, жамоат транспорти (метрополитендан ташқари) ва шаҳар атрофидаги автобуслар қатнови тикланиши белгиланди.

20 августдан буюм ва қурилиш маҳсулотлари бозорлари, йирик савдо дўконлари, спорт заллари, фитнес клуб ва бассейнлар ишлай бошлайди.

Республика махсус комиссиясига ҳар бир фаолият тури бўйича қандай санитария талабларига амал қилиш зарурлигини аниқ белгилаш вазифаси қўйилди. Эпидемиологик вазият яхши бўлган давлатлардан келган шахсларни карантинига олиш ва ундан чиқариш тартибини енгиллаштириш, пневмониядан тузалган аҳолини реабилитация қилиш марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди.

Санитария-эпидемиология хизматига коллектив иммунитет шаклланиш жараёнини мониторинг қилиб бориш учун антитаначалар таҳлилини ўтказишни йўлга қўйиш кераклиги таъкидланди.