Депутат: Тиббий чиқиндилар Чирчиқ дарёси ҳудудига ташланмоқда

Депутат: Тиббий чиқиндилар Чирчиқ дарёси ҳудудига ташланмоқда

Депутат Расул Кушербаев карантин қоидаларини бузганлик учун аҳолига нисбатан қатъий чоралар кўрилаётган бир пайтда онгли равишда коронавирус тарқалишига йўл қўяётган қатор амалдорларни танқид қилди. Бу ҳақда Podrobno.uz нашри хабар беради.
 
 «Зангиота туманидаги махсус касалхонада Covid-19 га чалинган беморларни даволашдан қолган тиббий чиқиндиларнинг бир қисми атроф-муҳитга ташланмоқда. Хусусан, Тошкент вилоятининг Зангиота ва Қуйичирчиқ туманларида Чирчиқ дарёси ҳудудида топилган шундай чиқиндилар аҳоли томонидан кескин норозиликларни келтириб чиқарди», – деб ёзади депутат ўзининг Телеграм-каналида.

Кушербаев олган маълумотларга кўра, ҳозир ишлатилган ниқоблар, қўлқоплар, тиббий препаратлар ва кийимларни ташлаш ҳолатлари учта ҳудудда қайд этилган. Энг даҳшатлиси, улар дарё қирғоғи бўйлаб сочилиб ётибди, тиббий чиқиндиларни сувда ҳам кўриш мумкин. Депутатнинг қайд этишича, муаммони ўрганиш давомида у яқин-яқингача тиббий препаратлар утилизацияси билан Med Class Plus корхонаси шуғулланини билиб олган. Ушбу тадбиркорлик объекти коронавирусга чалинган беморларни даволашдан қолган чиқиндиларни стандартларга мувофиқ ёқиш ва утилизация қилишга ихтисослашган.

Бироқ, амалдорлар негадир бу корхонани тиббий чиқиндиларни йўқ қилиш пудратидан маҳрум қилган ва бу ишни бошқа тадбиркорга беришган. У ҳам ўз мажбуриятларини бажара олмаганидан кейин эса, чиқиндиларни яширин тарзда атроф-муҳитга ташлай бошлаган, дея қайд этади Кушербаев.
 
«Ўз яқинлари ва юртдошларимизнинг ҳаётини хавф остига қўйиб, унча катта бўлмаган пул учун бундай қилишдан нима маъни бор? Бу тадбиркор учун ҳам, уни фойда кўриш мақсадида бекитганлар учун ҳам шармандалик. Мен ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳосил бўлган чиқинди тепаликларини бартараф этиш бўйича шошилинч чоралар кўришига, айбдорлар эса қонунга мувофиқ жазоланишига умид қиламан!», – дея хулоса қилади депутат.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.