Очиқлик ва ишонч ҳақида

Очиқлик ва ишонч ҳақида

Тез орада Президентнинг виртуал қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар сони 1 миллионга етади. Тўққиз ой ичида бир миллион мурожаат, бу “Халқ билан мулоқот йили” доирасида фуқаролар ва давлатнинг ўзаро муносабатларидаги очиқлик. Бугун бу муаммолар, шикоятлар ва сўровларни ҳал этиш бўйича улкан, ҳақиқатдан ҳам ишлаётган аппарат. Афсуски, ҳозирча ҳаммаси “қўл режими”да ишламоқда. Нуқсонлар бор. Нуқсонлар юзага келишига йўл қўймайдиган тизим ҳозирча йўқ.

Президент камчиликларга ишора қилдими, бас, амалдорлар шу заҳоти уни бартараф этишга уринади. Жойларнинг ўзида ташаббуснинг йўқлиги эса кишини ҳайрон қолдирмоқда. Ахир ўзларининг заиф ва кучли томонларини билишади-ку. Ёки билишмайдими? Масалан, ҳокимликларнинг фаолиятини олайлик. Уларнинг фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик қонун талаби ҳисобланади, унда нима ва қандай бўлиши кераклиги аниқ белгилаб ва ёзиб қўйилган.
Бироқ Тошкент шаҳар ҳокимлигининг сайти кам ахборот беришдан ташқари, эски маълумотларни ҳам ўз ичига олган.

Шаҳар ва туман ҳокимликларининг “ишонч телефонлари” сифатида эълон қилинган телефон рақамларининг кўпчилиги текшириб кўрилганида шунчаки номига ёзилган рақамлар бўлиб чиқди. 
 
Anhor.uz таҳририятининг ходимлари бир иш куни давомида Тошкент шаҳридаги барча шаҳар ва туман ишонч телефонларига мунтазам равишда қўнғироқ қилиб турди.

“Туну-кун” ишлайди деган телефонларнинг бор-йўғи 2 таси, яъни Олмазор ва Яккасарой туманидаги телефонлар ишлаши маълум бўлди.
Миробод туманида телефон ишлаяпти, аммо кўтарилган муаммони бошқаларга юклаш учунгина. Чидаса бўладиган вариант.
 
Мирзо Улуғбек туманида “ишонч телефони” эрталабдан кечгача ишлайди, лекин “туну-кун” эмас. Бу хоҳлаганимиздай унчалик яхши эмас, лекин шунисига ҳам шукур…

Қолган 6 та туманда қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермаяпти. Учтепа туманида эса ишонч телефони сифатида берилган рақам умуман мавжуд эмас.
Шунингдек пойтахт ҳокимиятининг ишонч телефонига ҳам тушиб бўлмади.

Хулоса шуки: Тошкент шаҳар ва туман ҳокимликларидаги бюрократия бир ғимирлаб қўйди-ю, яна хотиржамгина олдинги “ҳаёт тарзига” қайтди.

Агар шаҳар ва туман ҳокимликларининг сайтига тўхталадиган бўлсак, ундаги кўплаб бўлимлар на рус тилида, на ўзбек тилида янгиланганини кўрамиз.
Таҳририятда пойтахт ҳокимлигининг сайтини текшириш мақсади йўқ эди, аммо ҳатто унга тезгина кўз югуртириш ҳам энг сўнгги маълумотлар 2014 йилги воқеликларни акс эттиришини кўрсатмоқда. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Ёшлар иттифоқига айланганига, Ёшлар иттифоқининг шаҳар бўлими раҳбари сайланиб, ёшлар масалалари бўйича ҳоким маслаҳатчиси лавозимига тасдиқланганига талайгина вақт бўлди. Бироқ ҳокимлик сайтида ушбу ўзгаришлар ҳозирга қадар ўз аксини топмаган.   

Агар таҳлил қилинса, мамлакат “қўл режимида” бошқарилаётганини кўриш мумкин:  президент нима кўрсатма берган бўлса, фақат шунинг ўзи шу ерда ва ҳозир бажарилмоқда.

Бу давлат ҳокимияти органларидан эмоционал узоқлашишни келтириб чиқаради ва давлат органларининг оддий фуқаролар муаммолари билан иши йўқ, деган кайфиятни шакллантиради.

Ҳозирча президентнинг топшириқлари бажарилиши устидан назорат тизими, узлуксиз ишлаш тизими, мавжуд молиявий ва моддий ресурсларни назорат қилиш тизими шаклланмаган. Шу боис фақат президент ташрифидан кейингина қизғин иш бошланиб, улар ресурслар, яъни молиявий маблағлар ёки кадрлар етишмовчилиги туфайли кескин тўхтаб қолмоқда.

Масалан, президент Чилонзор туманида бўлди, амалдорлар югуриб қолди, берилган ваъдаларнинг кети кўринмади. Ҳал этилиши ваъда қилинган муаммолардан бири мавзелараро йўллар эди. Уларнинг айримларига ҳатто шағал тўкилди. Яқинда президент ташрифига ярим йил бўлади, автомобиль ғилдираклари тўкилган шағалларни “супуриб” бўлишга ҳам улгурди, янги асфальтдан эса ҳамон дарак йўқ, йўлларнинг кўпчилиги олдинги алпозда.  
 
Ўтган ҳафта пойтахтнинг Юнусобод тумани президент ташрифига яхши тайёргарлик кўрди, буни Юнусобод деҳқон бозоридаги нархларнинг сезиларли даражада арзонлаштирилганидан ҳам кўриш мумкин эди. Бир неча кун алоҳида жойларда бир кило гўшт 21 минг сўмдан сотилди. Сотувчиларнинг ярми шу куни бозорга қўйилмаганми, ё шу кунларда ўзлари савдо қилмасликка аҳд қилганми, тушунарсиз бўлиб қолди. Хўш, бу билан кимни алдаяпмиз? Ўзимизними?
Сўнгги пайтлардаги воқеалар орасида мен учун каперс, яъни кавар етиштириш ҳақидаги қарор намунали ҳолатга айланди.

Ўзбекистонда агрономия деб номланувчи жиддий фан бор. Бу соҳа олимлари мамлакатнинг иқлим, тупроқ ва сув шароитларини таҳлил қилган ҳолда, кам маҳсулдор экинларни пахта ёки дон учун яроқсиз ерларда яхши ҳосил бера оладиган ва хўжаликлар учун иқтисодий жиҳатдан манфаатли бўлган бошқа экинлар билан алмаштириш бўйича қатор таклифларга эга, деб тасаввур қилардим. Афсуски, ундай бўлиб чиқмади, чунки президентнинг ўзи кавар деган экин мавжудлигини ва уни Ўзбекистонда етиштириш мумкинлигини соҳа мутахассисларига “шипшитиб” қўйишга мажбур бўлди.

Худди шу каби юпқа пўстли ёнғоқлар ва хориждан импорт қилинадиган бошқа кўплаб маҳсулотлар ёки кўчатлар ва экин материаллари бўйича рисолалар, намуналар ва уларни етиштириш тажрибаси йўқотилгани ҳам маълум бўлди.

Экспертлар Ўзбекистондаги ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий, ҳам маданий-маърифий муҳит муҳим ижобий ўзгаришларни бошидан кечираётганини тан олмоқда. Шунингдек улар бу йўлда муқаррар табиий қийинчиликлар ва муаммолар юзага келишини ҳам қайд этишяпти.
 
Аммо, афсуски, на бу ижобий ўзгаришлар, на юзага келаётган муаммолар, на янги вазиятлар ва маълумотлар кўплаб давлат органларининг сайтларида ўз аксини топмаяпти.

Бу арзимаган иш эмас. Чунки аҳоли билан тескари алоқани яхшилайдиган ёки, аксинча, уни бузадиган ҳеч бир нарса давлат органлари учун арзимаган иш бўлишининг ўзи мумкин эмас. Чунки давлат ва унинг фуқаролари орасидаги ўзаро муносабатлар – ҳар қандай ислоҳотларнинг муваффақиятини ёки муваффақиятсизлигини белгиловчи асосий омилдир. Шаффофлик давлат органлари фаолиятининг коррупцияга қарши қисмини ҳам таъминлайди.

Фуқаролар ислоҳотларнинг шунчаки гувоҳи бўлишдан ташқари, уларнинг фаол иштирокчиси бўлишни ҳам хоҳлайди. Давлат органларининг раҳбарлари фуқаролар билан фаол алоқада бўлишни ўрганиши ёки ўз ўрнини бу ишни қила оладиганларга бўшатиб беришлари керак.
 
Лола Исламова, 
Anhor.uz бош муҳаррири

Фотосурат Алла Гажеваники.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.