Ўзбекистонда туризмни тиклашга бир неча йил керак бўлади

Ўзбекистонда туризмни тиклашга бир неча йил керак бўлади

Ўзбекистон ҳукумати туристларни қабул қилишга рухсат бераётган бир пайтда, соҳа вакиллари бизнесни сақлаб қолиш йўллари ҳақида бош қотирмоқда. Экспертларнинг таъкидлашича, банкротлик тўлқинидан барибир қочиб қутилиб бўлмайди. Туризм соҳаси ўз муаммолари билан яккама-якка қолган, ҳукуматнинг инқирозга қарши чоралари самара бермаяпти. WBCE Tourism фирмасининг директори, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг собиқ ходими Равшан Намозов Anhor.uz мухбирига соҳадаги муаммолар ҳақида гапириб берди.  

Туризм сектори уч йилдан кейин тикланади 

Бу ҳалокатнинг реал кўламини ҳамма ҳам охиригача англаб етгани йўқ. Ўзбекистон 2019 йил даражасидаги туризмни камида икки-уч йилдан сўнг тиклаши мумкин. Давлат томонидан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинганига қарамасдан, улар карантин сабабли кўрилган зарарни қоплаш учун етарли эмаслиги аён бўлди, – дейди Равшан Намозов.

«Ҳукумат томонидан  тақдим этилаётган имтиёзлар ва преференциялар – бу ярим чоралар, улар кутилган самарани бермайди. Масалан, туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорлар учун 2020 йилнинг 1 июнидан 31 декабригача фойда солиғи ставкаларини 50% га пасайтириш ҳақидаги қарорни олайлик. Бу ерда бир савол туғилади: агар туристлар йўқ бўлса, унда фойда қаердан келади, биз нимадан солиқ тўлаймиз?! Калга тароқ нимага керак?! 2020 йил охиригача туризм секторида фойда бўлмаслигини сизга исталган эксперт айтиши мумкин», – дея қайд этади Равшан Намозов.

«Шунингдек, Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан кўрсатиладиган “ёрдам” ҳам тушунарсиз. Сўз Ўзбекистонга олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижлик турист учун 15 доллар миқдорида туроператорларга ва турагентларга тўланадиган мукофот субсидиялари ҳақида бормоқда. Бироқ ёрдам олиш учун қатор шартларни бажариш керак, уларни бажаришнинг эса иложи йўқ: кириш туризми бошланиб, кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг кишига етгунга қадар бўлган давр ичида кириб келган турист мамлакат ҳудудида камида беш сутка бўлиши керак. Бу муаммога жиддий ёндашув эмас. Бутун дунёда авиаалоқа тўхтатилган ва у қачон тикланиши номаълум  бўлган бир пайтда турагентлик туристни қандай қилиб олиб келиши мумкин? Авиапарвозлар бир-икки ойдан кейин тикланганида ҳам биз теристларни йил охиригача кўрмаймиз. Ҳозирги шароитларда хорижликлар, айниқса Ўзбекистонга келадиган туристларнинг асосий тоифасини ташкил этувчи кекса европаликлар саёҳат қилишга таваккал қилмаса керак», – дейди у.   

Ички туризм борасида ҳам ноаниқ вазият юзага келган. Охирги фармойишларга кўра, меҳмонхоналар фақат яшил зоналарда ишлаши мумкин, аммо Тошкент сариқ зонада жойлашган, шу билан бирга бу ерда ташриф буюрувчилар учун меҳмонхоналар очиқ-у, хостелларга ишлаш тақиқланган.

«Бошқа томондан, бугунги кунда меҳмонхоналарни очишдан маъни йўқ, чунки уларга бўлган талаб ҳам йўқ. Бироқ нуфузли меҳмонхоналар, катта молиявий йўқотишларга учраётган бўлса ҳам, маркани ушлаб туриш учун фаолият кўрсатишда давом этяпти», – қайд этади суҳбатдошимиз.   

Туризм секторининг вакиллари кўмаксиз қолди

Равшан Намозовнинг сўзларига кўра, туризм сектори вакиллари келажакдан нима кутишни билишмаяпти, демак, нимага тайёргарлик кўришни ҳам билишмайди. Интернет сохта маълумотларга тўлиб кетган, ҳукумат сукут сақлаяпти ва маълумотларни оз-оздан беряпти. Ўз навбатида, ЎзР Давлат туризмни ривожлантириш қўмитаси туризм индустрияси вакиллари билан мулоқот қилишга уринмаяпти ҳам.

«Ҳозир пандемияни баҳона қилиш ва ҳамма муаммоларга карантин оқибатлари деб изоҳ бериш қулай бўлган. Аммо ҳал этилмаган масалаларнинг кўпчилиги карантин эълон қилинишидан олдин ҳам долзарб эди. Туризм секторининг аксар иштирокчилари Қўмита фаолиятидан норози десам бўрттирмаган бўламан. Қўмита даражасида қабул қилинаётагн чора-тадбирларнинг самараси паст. Айтгандай, мен икки йил Қўмитада ишлаб кўрдим ва у ерда инновацион лойиҳалар ва ташаббуслар жуда оғир илгари сурилишини ўз кўзим билан кўрдим», – дея қайд этади у.

Соҳа вакилининг таъкидлашича, тадбиркорларнинг кўпчилиги туризм бизнесини кредитлар асосида қуради, маҳаллий банкларнинг аксарияти эса карантиндан жабрланганларга етарлича ёрдам кўрсатмаган.

«Айрим кредит ташкилотлари тўловларни икки-уч ой кейинга суришни таклиф қилди, аммо бу барибир ечим эмас. Ҳозирги ҳолатда ягона ва тўғри ечим – бу асосий қарз сифатида кредитлар муддатини узайтириш (узиш муддатидан бошлаб), фоиз ставкаларини камида келаси йил май ойигача кейинга суришдир. Бунинг устига туроператорларнинг кўпчилиги ижара майдонларида фаолият кўрсатади, ижарага берувчилар эса ён босишни, ҳеч бўлмаса ижара ҳақини вақтинчалик камайтиришни истамаяпти (Экспертнинг ҳисоб-китобларига кўра, ойлик ижара ҳақи камида 5-8 млн сўмни ташкил қилади. Шу боис бозорнинг кўпгина иштирокчилари зарарни ошириб юбормаслик учун ўз офисларини ёпишга, ходимларни ишдан бўшатишга мажбур бўлди. Бу аҳволда мамлакатда ишсизлик даражаси кескин ошганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади». 

Агар мўъжиза юз бермаса, унда Ўзбекистон бу йил сайёҳларнинг 90% ни йўқотади, туризм чуқур “молиявий ўрага” тушиб кетади, бой берилган фойданинг давлат томонидан компенсация қилинишига умид қилишга эса, афтидан тўғри келмайдиганга ўхшайди, – дейди суҳбатдошимиз.

«Аммо карантин жимгина ўтириш учун сабаб эмас. Хусусан, қўмита муаммоларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмини ҳал этиш учун бирор фойдали иш қилиши мумкин. Масалан, ички ва ташқи сайёҳлар фойдаланадиган ҳожатхоналарни қуриши ва мавжудларини маданий аҳволга келтириши, умумий овқатланиш жойларидаги антисанитарияни бартараф этиши мумкин. Туристлар ифлос шароитларда овқатланишини кўриб, уялиб кетади одам. Қўмитада санитария талабларига эътибор қаратмайдиган қаҳвахоналар ва ресторанлар эгаларига таъсир кўрсатиш ваколатлари бор, аммо у бундан негадир фойдаланмайди», – дея қайд этади Равшан Намозов.

Ўзбекистонда пулсиз ва давлат кўмагисиз қолиб кетган сайёҳлар

Карантин даврида Ўзбекистонда қолиб кетган хорижий сайёҳлар ҳукуматдан ҳеч қандай ёрдам ва кўмак олмади.

«Март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикасида яшаётган хорижий фуқароларнинг визалари ва регистрациялари автомат тарзда узайтирилди. Умуман олганда, ҳукумат туристлар борасида шуни қила олди, холос. Бу орада эса уларнинг кўпчилиги уйига қайта олмаган. Бизнинг хостелда бир нечта сайёҳ қолган, улар чартер рейсларига улгуролмай қолди, мана уч ойдирки, бизда яшашяпти. Ўтган вақт давомида уларнинг ҳисобида пул қолмагани боис менинг ҳисобимдан яшашмоқда. Улар мамлакатимизга бир ёки икки ҳафта бўлишни мўлжаллаб келган, шунга мос равишда бюджети ҳам чекланган бўлган. Уларнинг ҳеч бири саёҳат шундай тугайди, деб тахмин ҳам қилмаган», – дейди Равшан Намозов.

«Мен Қўмита вакилларига мамлакатда қолиб кетган барча туристларни тўплаб уларни меҳмонхоналарга бепул жойлаштиришни таклиф этдим, ахир улар ўз хоҳиши билан бу ерда қолгани йўқ. Бу давлат бюджети учун катта харажат ҳам эмас, шу боис ҳукумат бунга имкон бериши мумкин эди, аммо менинг таклифим таклифлигича қолиб кетди. Менга Қўмитадан қўнғироқ қилиб, туристларни алоҳида тўлов эвазига  навбатчи меҳмонхонага жойлаштиришни таклиф этишди, аммо уларда бир тийин йўқ бўлса, қандай қилиб ҳисоб-китоб қилади?! Хорижда нима бўлаётгани, бошқа ҳукуматлар сайёҳларга нисбатан қандай йўл тутаётгани менга қизиқ эмас, мен учун меҳмонларимизни қандай кутиб олиб, уларни қандай кузатиб қўйишимиз муҳимроқ. Сайёҳларни ўз ҳолига ташлаб қўйиш бу одамгарчиликка тўғри келмайдиган иш. Агар биз ўзимизнинг меҳмондўстлигимизни кўрсатиб, уларни оғир пайтда қўллаб-қувватласак, эртага бу сайёҳлар мамлакатимизни хорижда мақтаб, Ўзбекистоннинг туристик нуфузини кўтарган бўларди», – дея таъкидлайди Равшан Намозов. 

«Биз ўзимизни-ўзимиз алдаяпмиз»

Қўмита ҳар йили Ўзбекистонга келган хорижий сайёҳлар сони ортишда давом этаётгани ҳақида ҳисобот беради. Тўғри, қоғоздаги статистика бизни хурсанд қиляпти, лекин аслида биз сайёҳларнинг, Қўмита айтганидай, 20-40% га ошганини кўрмаяпмиз

«Чунки қўшни республикалардан қариндошларини кўришга ёки Ўзбекистонда шахсий ишларини ҳал қилишга келганларни, яъни келиши саёҳатга ҳеч қандай алоқаси бўлмаганларни ҳам сайёҳлар қаторига қўшиб қўйишмоқда. Бунинг устига бу рўйхатга қўшни республикалардан турли мақсадларда Ўзбекистонга 10 марта келиб-кетадиганларни ҳам киритишяпти. Уларни туристлар сирасига қўшиб, биз ўзимизни-ўзимиз алдапмиз. Агар статистикани таҳлил қиладиган бўлсак, унда мамлакатга келувчи хорижликларнинг 90% ни қўшни республика фуқаролари ташкил қилишини кўрамиз. Агар биз мамлакатнинг туризм соҳасини ҳақиқатдан ҳам ривожлантиришни истасак, унда кўпроқ узоқ хориж билан ишлашимиз керак», – дея хулоса қилади Равшан Намозов.

Элина Рустамова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.