Тошкент Дархонни йўқотмоқда

Тошкент Дархонни йўқотмоқда

Тошкентда бир неча йилдан буён пойтахтнинг тарихий қиёфасини асраб қолиш учун кураш кетмоқда. Бу курашни олиб бораётган амалдорлар ҳам, Маданият вазирлиги ҳам эмас, уни турли идораларга хат ёзаётган, қурувчи ташкилотлар билан судлашаётган, баъзида эса умидсизликдан ўзини бульдозер остига ташлаётган шаҳар аҳолиси олиб бормоқда. Аҳоли тарихий биноларнинг бузилишига чидаб туролмаяпти. Бугун жамоатчилик бутун бир катта ҳудуд ҳисобланган “Дархон”нинг тақдиридан хавотир олмоқда. Замонавий қурилишлар “босқини” остида тарихий бинолар бирин-кетин йўқоляпти, ҳудудни тилка-пора қилишмоқда, унинг тарихи ҳам архитектураси билан бирга йўқликка юз тутмоқда.
 

Шаҳардаги бухилишларга лоқайд бўлмаган фуқаролардан бири, тошкентлик таниқли дизайнер ва декоратор Влад Заманов. Роппа-роса бир йил аввал узоқ йиллик курашдан сўнг у қўшнилари билан бирга 45-уйни асраб қолишга ва бинони маданий мерос объектлари рўйхатига қайтаришга муваффақ бўлди. 45-уй бўйича иш сўнгги йиллардаги энг шов-шувли ишлардан бирига айланди. Судда қозонилган ғалабадан кейин Влад Заманов ноқонуний бузилишлар ва амалдорларнинг лоқайдлигига дуч келган фуқаролардан мунтазам равишдахатлар ва қўнғироқлар ола бошлади. Уларнинг кўпчилиги қурувчи ташкилотлар навбатдаги тарихий бинони ер билан битта қилмасликлари борасида ёрдам сўраб мурожаат қилади.  

«Бугун Тошкентда тарихий объектларни бузиш ишларининг жадаллиги икки баравар тезлашган. Мен бир четда туриб, юз бераётган воқеалар менга тааллуқли эмас деб қараб туролмайман. Дархонда содир бўлаётган воқеалар – ўтакетган адолатсизлик. Вақт ўтиб, ҳозирги йиллар тарихга бузилишлар даври сифатида киради», – дейди Влад Заманов Anhor.uz нашрига берган интервьюсида.

Дархон – оз бўлса-да ноёб архитектура намуналари ва  анъанавий паст қаватли тарихий бинолар сақланиб қолган пойтахтдаги кам сонли ҳудудлардан бири ҳисобланади. Аммо энди уларнинг кўпчилиги бузилиш хавфи остида. Ҳатто маданий мерос объектлари кадастрига киритилган бинолар ҳам бузилиш хавфи остида турибди. Қайд этиб ўтамиз, Лашкарбеги, Қори-Ниёзов ва Ниёзбеков кўчалари кесишмасидаги ер участкаси “Акай-сити” қурилишига берилганди, ушбу кўчаларда жойлашган уйлар қурувчи компания томонидан пойтахт ҳокимлиги кўмагида буткул бузиб ташланди.
 
Дархон пойтахтнинг энг тотли қисми ҳисобланади, уни кўплаб қурувчи компаниялар кўз остига олиб қўйган. Ушбу ҳудуд аҳолиси вақти-вақти билан кутилмаган меҳмонлар келиб, фуқаролардан уларнинг яшаш жойини ўзгартириш борасидаги фикрлари билан қизиқаётгани ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб туришади. Шу боис жамоатчилик мўъжиза туфайли сақланиб қолган тарихий биноларнинг тақдиридан хавотирга тушмоқда.

«Деярли бутун Дархон ҳудуди таҳдид остида. Таричилар ва санъатшунослар бу Туркистон модерни услубида қурилган Тошкентнинг ноёб мавзеси жканини тасдиқлаши мумкин. Бу Марказий Осиёда XIX аср охири ва XX аср бошида шаклланган архитектурадаги анча ноёб йўналиш. Ўзбекистонда ушбу услуб ўзига хослик ва индивидуаллик касб этган, шу боис бу уйлар бошқа МДҲ мамлакатларида барпо этилган биноларга ўхшамайди. Бизда ўзига хос ноёб услуб шаклланган деб айтиш мумкин, бугун эса уни шафқатсизларча йўқ қилишмоқчи», – дейди Влад Заманов.
 
Унинг қайд этишича, Дархон Тошкентнинг бошқа мавзеларидан фарқли ўлароқ, ягона услубда қурилган ҳудуд ҳисобланади. Бу ерда инқилобдан олдин қурилган ҳовли-жойлар сақланган бўлиб, улар совет даврида коммунал ҳовлиларга айлантирилганди. Бир неча ўн йиллар олдин Дархоннинг айрим кўчалари қизил зонага киритилди, шундан сўнг таъмирлаш-қурилиш, реконструкция қилиш ва фасадларни реставрация қилиш ишлари деярли ўтказилмади.

«2000 йиллар бошида ҳудуд кўчаларини аста-секин ва режали тарзда шаҳар инфратузилмасидан кесиб қўя бошлашди, шу жумладан марказий йўлга чиқадиган кўча кесиб қўйилди. Буларнинг барчаси Дархоннинг “қон томирлари”сиз қолдирди. Ҳокимият ўзининг қарорлари билан биноларни ачинарли аҳволга олиб келди. Шу боис мулкдорлар ўз уйларини била туриб қаровсиз қолдирганликда айблаш адолатдан эмас», – дея қайд этади Влад Заманов.
 
Пойтахт ҳокимлиги Дархондаги бинолар чиройли эканини тан олади, аммо “улар эскириб нурамоқда, сомон ғиштлар ва деворлар аллақачон ўз муддатини ўтаб бўлган”, шу боис улардан халос бўлиш керак, дейди. Anhor.uz суҳбатдошининг фикрича, агар реставрация қилиш масаласига моҳирлик билан ёндашилса, уларни тиклаш ва дастлабки қиёфасини қайтариш мумкин. Хусусан, у ҳокимликдагиларга бу биноларни сотиб олишни, мулкдорларни кўчиришни (уларнинг кўпчишиги кўчишга қарши эмас)  ва бўшаган биноларни реставрация ишларини ўтказиш шарти билан тадбиркорларга тақдим этишни таклиф қилади. Аммо бунинг учун, агар ҳукумат ҳақиқатдан ҳам шаҳар қиёфасини сақлаб қолишдан манфаатдор бўлса, махсус давлат дастури қабул қилиниши керак.
 
«Масалан, Москвада муҳим майдонлар ва биноларни тиклаш учун “бир метр квадратга бир рубль” дастури қабул қилинди: ёдгорликлар очиқ савдоларда рамзий суммага 49 йилга хусусий шахсга ижарага берилмоқда, у эса, ўз навбатида, беш йил ичида реставрация ишларини ўтказиши шарт. Пойтахтда бу дастур муваффақиятли амалга ошяпти, тарихий қурилмалар дастлабки қиёфасини тикламоқда. Бизнинг ҳолатда-чи? Амалдорлар пойтахт архитектурасидан мутлақо нооқилона фойдаланмоқда, шаҳар ҳокимлиги ер участкаларини очиқчасига сотяпти. Ҳокимлик ходимлари бир неча марта коррупцион келишувлар чоғида ушланди, бу ҳақда ОАВда ёзилди», – дейди Влад Заманов.
 
Коррупция ҳақида сўз борар экан, яқинда Тошкент ҳокимлиги ҳузуридаги Капитал қурилиш бош бошқармаси ходими ва Чилонзор туман ҳокимлигининг ходими 50 минг доллар миқдорида пора олаётган пайтда қўлга олинди. Маълум бўлишича, мансабдорлар тадбиркорга 1 млн 400 минг доллар эвазига 1 гектар ерни расмийлаштиришни ваъда қилган экан.
 
«Мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман, хорижда ҳатто энг эски биноларни ҳам асрашга ҳаракат қилишади. Сўз фақат Европа ҳақида эмас. Сингапурга бир қаранг, мамлакат ҳукумати колониал архитектуранинг оз миқдорини ҳам сақлашга ҳаракат қилади. Улар кўп нарсаларни тиклашга ва реставрация қилишга муваффақ бўлди. Бугун бу биноларда лакшери  меҳмонхоналар, бутиклар, дабдабали пассажлар жойлашган. Деҳлида ҳам тарихий биноларга муносабат шундай. Дархон сайёҳлар учун янги инфратузилмани яратиш учун ажойиб жойга айланган бўларди, бу ерда бутик-меҳмонхоналар, хостеллар, банклар ва туристик агентликларни жойлаштириш мумкин. Афсуски, бизда маданий ўзакни сақлаш кераклигини тушунишмайди – бу мамлакатнинг ўз архитектурасига, аждодларига, тарихига бўлган муносабатини белгилайди», – дейди  Влад Заманов.
 
Фаоллар ва экспертлар бузилган уйлар ва бузилиши мумкин бўлган уйлар орасида бир пайтлар маданий мерос объектлари рўйхатига кирган, бироқ 2006 йилда Тошкентнинг собиқ ҳокими А.Тўхтаев томонидан юзлаб бошқа бинолар билан бир қаторда кадастрдан ноқонуний равишда чиқариб ташланган тарихий объектлар борлигини ҳам истисно қилишмаяпти. Ҳатто Маданият вазирлиги ҳам “дахлсизлик” мақомидан маҳрум этилган ёдгорликларнинг аниқ сонини билмайди.

«Умуман олганда, ҳоким реестрга ўзгартириш киритиш ҳуқуқига эга эмас, чунки ҳокимлик архитектурани унинг тарихий қиймати нуқтаи назаридан баҳолашга ваколати йўқ. Ҳокимликда бундай функциялар йўқ. Бунинг учун Маданий мерос департаменти ҳузурида илмий-эксперт кенгаши мавжуд. Шу боис ҳоким қандай қилиб якка ўзи бундай қарорни қабул қилгани тушунарсиз. Шунингдек, нега Дархондаги тарихий бинолар ва ноёб архитектура намуналари маданий мерос объектлари рўйхатида мавжуд эмаслиги ҳам тушунарсиз. Самарқагд ва Бухорода эса бундай иншоотлар давлат муҳофазасига олинган.  Бунга ким айбдор – тегишли идораларга мурожаат қилмаган фуқароларми ёки уларни реестрга киритишни истамаган Маданият вазирлигими? Бу ҳам тушунарсиз», – дейди  Влад Заманов. 
 
Замановнинг таъкидлашича, ҳозир қурилаётган бинолар катта қувватни талаб қилади, буни эса аҳолиси зич шаҳар бера олмайди. Сув етадими, канализация ёки электр тармоқлари бардош бера оладими? – бу саволлар қурувчи компанияларни ва қурилишга рухсат бераётган амалдорларни унчалик ҳам ташвишлантирмаяпти. Кўр-кўрона олиб борилаётган қурилиш келгусида жиддий коллапсга олиб келиши мумкин.
 
«Тўғри, Тошкент ривожланиши ва ўзгариши керак, аммо шаҳарни замонавий қилиш керак бўлса, унда у шаҳардан ташқарига кенгайиши зарур. Бунинг учун янги инфратузилмани ривожлантириш, метро, коммуникацияларни, йўлларни ўтказиш зарур. Пойтахтдаги бир-бири билан услуб жиҳатдан боғланиб кетган мавжуд иншоотларни бузиш ва парчалашдан маъни йўқ. Урбанизация нуқтаи назаридан Тошкентда бир нечта марказ бор – Ойбек, Буюк Ипак йўли, Халқлар дўстлиги, Мустақиллик, яъни Тошкентнинг “юраги”да қурилиш қилмасдан, янги марказларни барпо этиш лозим. Дархон – бу пойтахтда сақланиб қолган охирги ўзига хос, қизиқарли мавзелардан бири. Агар уни йўқотсак, унда шаҳарнинг қиёфасини ҳам йўқотамиз», – дея хулоса қилади Влад Заманов.
 
Элина Рустамова
 
Telegram каналимизга обуна бўлинг

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.