Мирзиёевнинг Сенат олдидаги нутқидан: сенаторлар мактаби, элчилар юқори палата олдида ҳисобот беради

Мирзиёевнинг Сенат олдидаги нутқидан: сенаторлар мактаби

Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Сенатининг биринчи мажлисида нутқ сўзлади. У ўз нутқини бошлар экан, янги таркибдаги Сенатнинг салкам 25 фоизини хотин-қизлар ташкил қилишини қайд этди.

Президент сенаторларнинг кўчма мажлисларини ўтказиш заруратини таъкидлади. «Сенатнинг ҳар бир қўмитаси ўз фаолият режасини ҳудудий муаммолардан келиб чиқиб шакллантириши лозим.  Шунингдек, ўрганилган масалалар бўйича бевосита жойларга бориб, вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида Сенат кенгаши ва қўмиталарининг сайёр мажлисларини ўтказиш зарур. Бу амалиёт аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради», – деди  Мирзиёев.

Президент энди давлат бюджетини қонун кўринишида қабул қилиш амалиётга жорий этилишини билдирди. «Конституциямизга мувофиқ, бюджетни қабул қилиш ва унинг ижросини назорат қилиш Олий Мажлис палаталарининг биргаликдаги ваколати ҳисобланади. Аммо, қонунларда бюджет ижросини фақат Қонунчилик палатаси томонидан назорат қилиш тартиблари белгиланган.

Ажратилаётган маблағларнинг вазирлик ва идоралар бўйича, айниқса, ҳудудлар кесимидаги ижросини ўрганиш Сенатнинг ҳам асосий вазифаси бўлиши лозим. Шу муносабат билан қонунларга тегишли тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқдир».

Президент парламент сўрови институтидан самаралироқ фойдаланишга чақирди:

«2010-2014 йилларда Сенат томонидан атиги 3 та парламент сўрови юборилган бўлса, сўнгги беш йилда 26 та парламент сўрови ва 700 дан ортиқ сенатор сўрови юборилган. Келгусида парламент сўрови алоҳида вилоят, туман, шаҳар миқёсидаги долзарб масалаларни ҳам қамраб олса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бироқ, сенатор сўровларининг сифати ва натижадорлигини ошириш бўйича ҳали олдимизда кўп ишлар турибди. Афсуски, давлат бошқаруви органлари томонидан сенаторларнинг сўровларига жавоб бермаслик ҳолатлари ҳам мавжуд.

Таъкидлаб айтмоқчиман, сенатор сўровига беписандлик – бу халққа бўлган беписандлик, деб баҳоланиши керак. Бундай ҳолатга йўл қўймаслик учун сенатор сўровини ҳудудлар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда шакллантириш, унинг натижасига оид ахборотни Сенатнинг қўмита мажлислари ва ялпи мажлисларида муҳокама қилиш зарур».

Шавкат Мирзиёев Кенгашлар фаолиятининг самарадорлигини ошириш зарурати ҳақида сўз юритди:

«Доимий асосда ишлайдиган сенаторларни  маҳаллий кенгашларга бириктиришни назарда тутадиган янги тизим яратиш лозим. Бу масалани сайловларда кузатувчи бўлиб иштирок этган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам тавсия этишган. Аслида сенаторлар ҳудудлар манфаатини ҳимоя қиладилар. Шунинг учун сенаторларимиз ҳар ойда биттадан маҳаллий кенгашларни намунавий ишлайдиган қилиб берсалар, албатта халқни рози қиладилар. Шу муносабат билан маҳаллий кенгашларда сенаторнинг кабинетини ташкил этиш ўринли бўлади. Шу билан бирга, Сенат Раиси, ҳудудларда барча сенаторларни жалб қилган ҳолда, маҳаллий кенгашлар депутатларининг тизимли ўқувини ташкил этиш амалиётини жорий этиши лозим».

Президент Сенатга Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда сенаторлар мактабини шакллантиришни топширди.

Шавкат Мирзиёев Кенгашларнинг қонунчиликка зид бўлган қарорларини бекор қилиш бўйича ваколатларни Сенатга топширишни таклиф этди.
“Маълумки, “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонунда кенгашларнинг қонун ҳужжатларига зид бўлган қарорлари Олий Мажлис томонидан белгиланган тартибда бекор қилиниши назарда тутилган. Бироқ, шу кунга қадар ушбу нормани амалга ошириш механизми ишлаб чиқилмаган. Сенат ҳудудий вакиллик палатаси эканини инобатга олиб, кенгашларнинг қонунга зид қарорларини бекор қилиш ваколатини Сенатга бериш тўғри бўлади, деб ўйлайман».

Шунингдек Президент Ўзбекистоннинг хорижий мамлакатлардаги элчиларининг ҳисоботларини юқори палатада эшитиш амалиётини жорий этишни таклиф қилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.