COVID-номаълумлик: руҳшунос билан қўрқувлар, изоляция ва онглилик ҳақида суҳбат

COVID-номаълумлик: руҳшунос билан қўрқувлар

Бугунги кунда коронавирус пандемияси 150 дан ортиқ мамлакатни қамраб олди. Юз минглаб катталар ва болаларда инфекция тасдиқланмоқда, ўн минглаб кишилар жон беряпти. COVID-19 хавфи ҳақида ЖССТнинг мутахассислари ва бутун дунё бўйлаб эпидемиолог-шифокорлар бонг урмоқда. Уларнинг сўзларини ҳар куни онлайн режимда янгиланиб турадиган статистика ёрқин ифодалайди. Бироқ ҳозир ҳам интернетда ва реал ҳаётда пандемия ҳақиқатдан ҳам юз бераётганига ишонмаётган одамлар учрамоқда. Уларнинг фикрича, коронавирус – бу маркетологларнинг фитнаси, бутунжаҳон журналистлар жазаваси ёки ривожланган давлатларнинг сайёрани ўз манфаати йўлида бўлиб олишга бўлган навбатдаги уринишидир. Anhor.uz мухбири инқироз бўйича руҳшунос, «Trening-Studiya DAR» оилани психологик қўллаб-қувватлаш марказининг директори Инна Орлова билан Ўзбекистондаги янги воқелик ва унда қандай яшашни тушунишга ҳаракат қилаётган одамлар ҳақида суҳбат қурди.

– Коронавирус пандемияси ҳақиқатдан ҳам мавжудлигига ишонмаётган (баъзида намойишкорона) ва юзага келган вазиятни фитналар назарияси билан изоҳлаётган одамларнинг хатти-ҳаракатларини психология нуқтаи назаридан қандай тушуниш мумкин? 
 
– Реал эпидемиологик таҳдид каби бундай вазиятлар биз оқилона ҳаракат қилишга қодир ёки қодир эмаслигимизни кўрсатади. Афсуски, одамларнинг ҳаммаси ҳам карантин қоидаларига амал қилиш зарурлигини тушунмаяпти. 
 
Ўзбекистон учун бу янги воқелик – бизда пандемия тажрибаси мавжуд эмас. Кўпчилик учун изоляция мажбурий, шу боис бўйин товлаш кўринишидаги норозилик реакциясини келтириб чиқармоқда. Одамларга улар вазиятни назорат қилаётгандай туюлиши мумкин. 
  
Аҳоли янги воқеликка мослашиши ва қоидаларни қабул қилиши учун вақт керак. Буни қабул қилиш йўқ экан, мия фақат олдинги таянчларни кўради – эркин ҳаракатланиш, одамлар тўпланадиган жойларга ниқобсиз бориш – ва уларни маҳкам ушлаб олади. Руҳият ҳозирги хавф-хатар ва таҳдидларни рад этади – кўпчилик ҳаммаси олдингидай, коронавирус ҳақидаги эртаклар эса шунчаки ўйлаб топилган нарса деб кўрсатишни хоҳлайди. 
 
Вирус кўзга кўринмаслиги билан маккордир. Бизнинг вирусология бўйича билимларимиз деярли йўқ. Одамларнинг кўпчилиги одам организми қандай тузилганини билмайди, тиббий терминларни ҳам тушунмайди. Масалан, медиа орқали чиқадиган шасхларни эса биз доим ахборот майдонида кузатамиз. Шу боис, улар пандемияни, айтайлик, АҚШ ва Хитой ўртасидаги низо сифатида тушунтиришганида, кўпчилик учун кўзга ташланмас таҳдидга жиддий муносабатда бўлишдан кўра, буни қабул қилиш осонроқдир.
 
– Одатий ҳаёт билан яшаётган ва карантин қоидаларига амал  қилмаётган одамлар  – улар бошқачами? Уларнинг бундай ҳаракатларига сабаб нима? 
 
– Улар ё аҳмоқона даражада беғам, ёки рад этиш босқичини яшашмоқда. Ҳозирги вазиятда биз ўзимизнинг одатий турмуш тарзимидан маҳрум бўлдик. Бу ҳар доим йўқотишдир. Уни яшаб ўтишнинг бешта босқичи мавжуд: рад этиш, агрессия, савдо, депрессия ва қабул қилиш. Фақат савдо босиқичда одамлар карантин талабларига рози бўлади ва юқумли респиратор касалликларга қарши курашишда ижтимоий масофаланиш улар тарқалмаслигининг муҳим шарти эканини тан олади.
 
Супермаркетлардаги оммавий харидлар. Бундай хатти-ҳаракатни оқлаш мумкинми ва керакми? Унда нима кўпроқ: рационалликми ёки зарар
 
– Коронавирус, самарали даволаш усули ва вакцина мавжуд бўлмаган ҳар қандай вирус сингари, кўзга ташланмайдиган душмандир. Номаълумликдан қўрқиш ва назоратни йўқотиш ҳисси одамларни вазиятга танқидий баҳо бермасдан стратегик захиралар қилишга мажбур этади. Улар давлат тузилмаларининг самарали ва ўз вақтида кўрсатиладиган кўмаги ва ёрдамига умид қилмайди ва шу боис ўзини иложи борича кўпроқ таъминлашга интилади. Харид қилинган товарларга назар ташлар экан, одамлар йўқотиб қўйган хотиржамликни тиклайди. 
 
Бундай хатти-ҳаракатни тушуниш мумкин, аммо уни оқлаш керакмас. Ҳамма учун қийин бўлган даврда ифлос бизнесини қиладиган олиб сотарлар ҳозир ҳам топилади. Кўпчилик дарров уч баравар қимматга сотиш учун улгуржи ҳажмларда мол харид қилиб қўяди. Агар одамда “ҳар ким ўзи учун” психологияси бўлса, уни фақат қонун билан тўхтатиш мумкин.
 
Харид қилиш васвасасига берилмасдан соғлом ақл ва вазминликни сақлаш ҳамда бу занжирли реакцияни тўхтатиш жуда муҳим. Ҳозир супермаркетларимизда харид қилинадиган маҳсулот миқдорига чекловлар жорий этилди. “Бир қўлга 2 кг гречка” деган эълонларни кўриш мумкин. Тўғри, болалар ва қарияларни янги маҳсулотлардан тайёрланган овқатлар билан боқиш зарур, шу боис пештахталардан бутун ассортиментни супуриб олишдан маъни йўқ.
 
– Тармоқда коронавирус ҳақида маълумот кўп. Уни қанча кўп ўқисанг, томоқ оғриғини, ҳарорат ошаётганини шунча аниқроқ ҳис қиласан. Нега шундай бўлади? Эпидемия шароитларида қандай қилиб адекват ҳолатда ва реал белгиларни ўзимиз ўйлаб топганлардан  фарқлашга қодир тарзда қолиш мумкин?
 
– Биз мунтазам равишда янгиликлар лентасини варақлаймиз: касалланганлар сонини қайд этамиз, бир суткада уларнинг сони нечтага етганига ва қанчаси жон берганига қизиқамиз; ҳар қандай киши инфекция ташувчиси бўлиши мумкинлигини ва дорилар ҳам ҳозирча йўқлигини биламиз, аммо инфекцияни юқтирганликка ишора қилувчи белгилар маълум.  Яъни одамлар коронавирус ҳақидаги ахборот тўлиқинига мослашиб олган. Биз безовтамиз ва стресс ҳолатини ҳис қиляпмиз. Буларнинг ҳаммаси ички органлар ва организм тизимларидан келадиган импульсларни таниб олиш тизимида бузилишиларни келтириб чиқаради.
 
Энди норма патология сифатида қабул қилинмоқда. Йўталдингизми – қўрқасиз. Таъсирчанлик ошган – мана гўёки томоғингиз ҳам оғриётгандай туюляпти. 
Ўз соғлиғимиз ҳақидаги нормал безовталик бадгумонликка айланади. Биз ҳар қандай тегинишлардан қўрқамиз, йўталаётган киши бизда аритмияни келтириб чиқаради, жамоат жойида аксирган киши ни эса иложи борича узоқроққа жўнатишни истаймиз. 
 
Ҳозир коронавирусдан кўра, қўрқинчли маълумотлар эпидемияси ёмонроқ. Шу боис интернет-сёрфингдан воз кечишни тавсия этаман, акс ҳолда “киберхондрия” деб номланувчи турғун эмоционал асабийликка эга бўлиш мумкин.

Агар одам мунтазам равишда ўз соғлиғидан хавотир олса, бир нечта мутахассисдан консультациялар олса ва шунга қарамасдан уларнинг ташҳисига ишонмаса – бу аломатлар ўйлаб топилган ҳисобланади, бу ҳолда айнан эмоционал асабийликни даволаш зарур. Эмоционал асабийлик иммунитетни пасайтириши клиник тадқиқотлар билан исботланган. Коронавирус пандемияси шароитларида эса бунга асло йўл қўйиб бўлмайди.
 
Ҳукумат фуқароларни онгли бўлишга чақирмоқда. Бу ўзи нима, одамда онглилик ишга тушиши учун нима юз бериши керак? 
 
– Фуқароларнинг онглилиги – бу нафақат ўз эҳтиёжларини, балки бошқа одамларнинг, умуман жамиятнинг эҳтиёжларини ҳам тушунишга қодирликдир. Инсоннинг эътиборли бўлиш позицияси ўзини фуқаро сифатида англашини ҳам ўз ичига олади.   
 
Бундай қобилият оиладан бошланади ва, афсуски, кўп ҳолларда оила билан якунланади. Аммо агар болалар бошқаларнинг меҳнатини, тинчлик ва дам олишга бўлган ҳуқуқини ҳурмат қила бошласа, умумий фойдаланувдаги жойларни, табиатни авайласа, болалар, қариялар, беморлар ва имконияти чекланган одамларга ёрдам берса, унда улардан қатъий фуқаролик позициясига эга онгли одамлар улғаяди. Бундай одамлар бир чеккада қараб турмайди. Улар ҳар доим воқеаларга фаол қўшилиб кетади: хайрия лойиҳаларида қатнашади, эгаси йўқ жониворлар учун бошпаналарга маблағлар ўтказади, эҳтиёжмандларнинг олдидан шунчаки ўтиб кетмайди, пандемия даврида жисмоний алоқаларни чеклаш талабларига амал қилади, нолимасдан ва фейк материалларни чоп этмасдан изоляцияни қабул қилади. Шунда ҳам буни қўрққанларидан ёки мақтов эшитиш учун эмас, балки жамиятнинг бир қисми бўлишни истаётганлари ва жамиятда юз бераётган воқеаларга нисбатан лоқайд эмасликлари туфайли қилишади.    

Фуқаро сифатида онгли бўлишни, сифатли адабиётларга бўлган дидни болаликдан тарбиялаш, эътибор ва ғамхўрликни рағбатлантириш, ўзини индивидуал одам эканини ва шу билан бирга жамиятнинг бир қисми эканини англашни ўргатиш зарур.

– Ўзбекистонда одамларга вирус тўйнинг бузилиши ёки кўчирилиши, меҳмонларни кутиб олишдан воз кечиш ёки анъаналардан четга чиқиш каби қўрқинчли эмасдай таассурот туғилмоқда. Тақиқлар, жарималар жорий этилса ҳам, қоидабузарликлар давом этяпти. Нега қўшниларнинг, қариндошларнинг фикри киши ва унинг яқинларининг соғлиғига таҳдиддан кучлироқ? 
 
– Онгимиздан қопқонлардан бири шундай тузилганки, унга кўра менталитет доим соғлом ақлдан кучлироқ. Одамлар бир-бирига ёқишга, ҳатто сизнинг меҳрибончилигингиз керак бўлмаган одамларнинг ҳам кўнглини олишга ҳаракат қилади. Чунки бундай хатти-ҳаракат модели бизга болалигимиздан сингдирилган. Одам ўзини яхлит бир бутун сифатида ҳис қилмаса, у ташқи таянч нуқталарини излай бошлайди. Қўшнилар, танишларнинг борлиги у қабул қилинганини ва хавфсизликда эканининг кафолати бўлиб хизмат қилади. Бу болаларча конформизм позицияси. Одам кимнингдир нуфузли фикри, анъаналарга, одатларга таянади, чунки “ҳамма шундай қилади”.  У тўдадан ажралиб чиқишга ва шаклланган қоидаларга қарши боришга тайёр эмас. Унинг учун дабдабали тўйдан воз кечишдан кўра, қарз ботқоғига кирган маъқул.
  
Бундай ҳолларда киши ўзининг қийматини англаши, ота-онасидан ажралиши, соғлом шахсий чегараларни ишлаб чиқиши устида узоқ ишлаш лозим. Агар одам болаларча позицияда бўлса, унинг жамоатчилик фикрига қарши туриши қийин. Шу боис психологик жиҳатдан улғаймасдан ва ўз ҳаёти учун масъулиятни тўлиқ ўз зиммасига олмасдан туриб, вазиятни жиддий ўзгартириш даргумон. Одам нимага ишонишини ва қандай яшашини онгли равишда танлаши учун “уйғониши” керак.
  
– Ижтимоий тармоқларда “нолинчи бемор”нинг ҳаётини заҳарлашмоқда. Уни вирусни олиб келганликда, шаҳар ёпилиб, одамлар ишсиз ва пулсиз қолганлигида айблашмоқда. Чартер рейслари билан қайтиб келганлар ҳам “таъзирини емоқда”. Шу билан бирга, норозилар карантин қоидаларига амал қилмаяпти. Буни қандай изоҳлаш мумкин?  
 
– Вирусни сезиб-билиб бўлмайди, одамлар эса душманнинг юзини кўришни истайди. Душман қўрқоқ тўда томонидан белгилаб олинади. Бу “ҳамма нарсани ейдиган” хитойликлар бўлиши, “нолинчи бемор” бўлиши, чегарани ўз вақтида ёпмаган ҳукумат бўлиши мумкин. Одамлар ўз кулфатларининг айбдорини топганида енгил тортадилар. 
Онглилик етишмовчилиги ва енгилтаклилик юқори дарадажа эканлиги туфайли кўпчиликка бу офат менга тегмайди деб ўйлайди. Агар уларнинг атрофида ҳақиқатдан ҳам касалланганлар бўлмаса, унда таҳдид гўёки ўйлаб топилгандай кўринади. Инфекциянинг юқиши белгисиз босқичда юз беришини, яъни на инфекцияган чалинган киши, на у билан алоқа қилувчилар касаллик борлиги ҳақида ҳатто тахмин қилмаган пайтда юз беришини кўпчилик охиригача тушунмайди.
 
Хитойда карантин режими бекор қилинганидан кейин ажралишларнинг рекорд сони қайд этилди. Францияда эса карантин даврида уйда зўравонлик ҳолатлари ошган. Бу сизга, руҳшунос сифатида, нимадан далолат беради? Бизнинг жамиятда ҳам шундай сценарийлар бўлиши мумкинми?
 
– Карантин одамларни одатий қулайлик ҳолатидан чиқариб юборди. Улар бир-бири билан яккама-якка ҳолда қолиб, бир-бирини таний олмади. Бу одамларнинг ҳис-туйғуларини, уларнинг бир-бирига мослигини, бир-бирига чидай олишини текширишнинг оддий усули, чунки энди улар бир-бирини кўрмаслик учун ишга боролмайдилар, уйдан ташқарида одатий ишлари билан шуғуллана олмайдилар.
 
 
Бу муҳаббат асосида қурилган никоҳларга ҳам, шартнома асосида қурилган никоҳларга ҳам тааллуқли. Биринчи ҳолатда эркак ва аёл изоляцияга  ва қатъий карантин режимига тайёр, чунки кўнгил байрамни хоҳлайди, у эса йўқ. Шартнома асосидаги никоҳларда бошқача – одамлар оилани сармояни бирлаштириш, наслни давом эттириш учун оила қуради. Аммо унинг ҳам якуни худди шундай бўлиши мумкин, 24/7 режимида ўзинг севмайдиган ва қалби яқин бўлмаган инсон билан бирга бўлишга чидаш қийин. Шунинг учун ҳам зўравонлик ва ажрашиш истаги пайдо бўлади.
 
Бизда бундай оқибатларни минимумга етказиш учун руҳшуносларни, оилавий муносабатлар бўйича мутахассисларни, эмоционал интеллект ва танқидий фикрлашни ривожлантириш соҳасининг экспертларини ҳамкорликка жалб этиш мумкин. Аҳоли қисқа, аммо самарали консультациялар олиши учун уларга қайноқ телефон линиясини ташкил қилса бўлади. Бу оилавий низоларнинг олдини олишга ёрдам берган бўларди.
 
Уйда, изоляцияда қандай қилиб ақлдан озмаслик мумкин? Болаларга мамлакатдаги вазият ҳақида гапириш керакми, фаол  кекса ота-оналаримизга улар хавф гуруҳига киришини қандай тушунтирса бўлади?
 
– Киши ўзини салбий нарсаларга кўмиб ташламаслиги, изоляция билан боғлиқ чекловларга эътиборни жамламаслиги керак. Ҳар куни нималар қилишга одатланган бўлсангиз, шу ишларни қилинг, аммо уларни ҳозирги воқеликка мослаштиринг. Олдин қўлингиз тегмаётган ишлар билан шуғулланинг.
 
Болаларга мамлакатда нималар юз бераётганини, нега уйда ўтириш ва қўлларни ювиш кераклигини тушунтириш жуда муҳим. Болалар оила ва жамиятдаги ижтимоий ҳаётнинг тўлақонли иштирокчиларидир. Улар ҳам вирус ташувчилари ва кекса қариндошлари ва қўшнилар учун таҳдид бўлишлари мумкин. Шу боис карантин қоидалари ҳаммага, шу жумладан болаларга ҳам тааллуқли. Катталар бу ҳақда гапирмаса ҳам, болалар барибир кескинликни ва хавотирни ҳис қилади. Шунинг учун улар юз бераётган воқеалар ҳақида объектив тушунчага эга бўлгани маъқул.
 
Кексалар билан бироз қийинроқ. Уларнинг ижтимоий фаоллиги дўконгача, поликлиникагача ёки дорихонагача сайр қилиб келишдан иборат. Ҳозир бунинг иложи йўқ, шу боис бу кексалар учун стресс ҳисобланади, бу эса уларнинг жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.
 
Агар улар фарзандларидан алоҳида яшаса, улар ўзини нима билан банд қилишни билмайди. Бунинг устига қариндошларда, бувилар ва болаларнинг оила иерархиясидаги мавқейини ҳисобга олган ҳолда, уларга таъсир кўрсатиш дастаклари йўқ. Улар ўз ҳаётида қийинчиликларни кўриб бўлган ва шу боис коронавирус билан боғлиқ хавф даражасини унчалик яхши тушунишмайди. Кекса ота-онасидан алоҳида турадиган фуқароларга уларга тез-тез қўнғироқ қилиб туришни ва улардан ёрдам сўрашни тавсия этаман. Улар невараларини шеър ёдлашга ўргатишсин, уй вазифаларини бажаришда ёрдам берсин, телефон орқали эртак айтиб беришсин. Ҳозир авлодлар алоқасини тиклашнинг айни пайти. Айтгандай, мулоқот танқислиги мавжуд бўлмаганида, кексалар учун эҳтиёт чораларига амал қилиш осонроқ кечади, чунки улар ўзларининг оила учун қадрли эканини ҳис қилишади.

Ҳозир, номаълумлик ҳолатида, келажак режаларни тузиш мумкинми

Бу зарур. Бу кишини тинчлантиради. Ижобий ечимни топиш топшириғини олган янги нейрон алоқалари тузилади. Демакки, одамнинг руҳияти ҳам воқеаларнинг ижобий якунига мўлжал олади. Эътибор маркази мавжуд бўлганида эса, бу вариантлар борлиғида моддийлашади.

Биз ҳаммамиз ҳозир тушиб қолган номаълумлик шароитларида таянч нуқталарини топиш жуда муҳим. Бизда келажак борасида аниқ прогнозлар қилиш учун барча зарур маълумот йўқ, шу боис муҳандислик ёндашуви (стратегик режалаштириш) бу ерда тўғри келмайди. Тактик ёндашув, яъни қисқа муддатли режалаштириш эса қизиқиш ҳиссини туғдиради. Вазиятни, воқеаларнинг эҳтимолий ривожланиш вариантларини таҳлил қилинг ва уларнинг ҳар биридан келиб чиққан ҳолда қандай ҳаракат қилишингизни белгилаб олинг. Ўзингизни узоқроқ вақт давомида қулай ҳис қилишингиз учун бугуннинг ўзидаёқ бюджетингизни, озиқ-овқатлар тўпламини, меню, кун режасини қайта кўриб чиқинг. 
 
Виктория Абдурахимова тайёрлади

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.