Бахитбек Елманов бизни тарк этди

Бахитбек Елманов бизни тарк этди

Чеҳраси доим кулиб турадиган, қалби кенг дўстимиз, ҳамкасбимиз ва сафдошимиз Бахитбек Елманов бизни тарк этди. 2009 йилда Бахитбек Қорақалпоғистонда “No’kis-FM” деб номланувчи биринчи хусусий радиога асос солганди, биз ўшанда танишганмиз. У Тошкентга кўзлари чақнаб турган бир талай ёшлар билан келди. Улар Нукусда ҳақиқий радиони ташкил қилмоқчи эди. Биз уч ҳафтага яқин унинг концепциясини тайёрладик, формати устида ишладик, йигит-қизларни ўқитдик. “No’kis-FM” радиосининг очилиши шаҳарда катта воқеага, ёшларимиз – юлдузга айланди, Бахитбек эса улар учун абадий устоз бўлиб қолди.

Кейинчалик биз биргаликда унинг «Тирналар киятир» радиосериали ғояси устида ишладик, уни ЮНЕСКО ҳам қўллаб-қувватлади. Сўнгра Бахитбек «Жаслар-ТВ» телеканалини очди. Охирги бир неча йил давомида Қорақалпоғистон Телерадиокомпаниясига раҳбарлик қилиб келди.

Мени ҳар доим унинг ўқиб-ўрганишга бўлган истаги ва ишга янгиликлар олиб киришга бўлган интилиши ҳайратга соларди. Назаримда, у ўзининг энг яхши фазилатларини  шогирдларига ва издошларига бера олди. “Бахит аға бизни тарк этди” – кеча телефоним Нукусдан бўлган қўнғироқлар ва хабарлардан тинмади.

Ўлимидан бир неча кун олдин қўнғироғимга жавоб берар экан – “Лола опа, тезроқ гапиринг, мени одамлар кутяпти…” – деганди. Ўшанда у … реанимацияда ётган экан.

Ҳаммага ғамхўр, куюнчак дўстимиз, доим қалбимизда қоласиз, руҳингиз тинч бўлсин…
 
Лола Исламова
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.