Андижонда ИИБ ходимларининг қийноғидан сўнг вафот этган фуқаронинг синглиси: “Ҳукуматимиз айбдорларга муносиб чора кўришига ишониб қоламан”

Андижонда ИИБ ходимларининг қийноғидан сўнг вафот этган фуқаронинг синглиси: “Ҳукуматимиз айбдорларга муносиб чора кўришига ишониб қоламан”

Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сон ИИБ ходимлари қийноғидан вафот этган фуқаро Алижон Абдукаримов билан боғлиқ воқеа жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлди, бир қатор депутатлар, Омбудсман, Инсон ҳуқуқлариб бўйича миллий марказ Андижон шаҳар ИИБ ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатларини қоралаб чиқди.

«Дарё» мухбири ушбу воқеа юзасидан марҳумнинг синглиси Маҳфират Ибрагимова билан суҳбатлашди.

Беш йил аввалги қимматбаҳо тош можароси

Тармоқларда фуқаро Алижон Абдукаримов вафотига қимматбаҳо тош можароси сабаб бўлганлигига оид турли хабарлар тарқалмоқда. Маҳфират Ибрагимова ушбу гап-сўзларни тасдиқлар экан, можаро тарихи беш йил олдинги воқеаларга боғланишини билдирди.

«2015 йилнинг баҳорида акамнинг А. исмли таниши: ‘Алижон, менда қимматбаҳо тош бор. Уни сотиш керак. Харидор топишда ёрдам берсангиз, сизга ҳам фойдам тегади’, дея таклиф билдирган. Акам савдогарлик билан шуғуллангани учун, Ҳ. исмли заргар йигит ва А.ни учраштириб, таништириб қўяди. Кейин уларнинг муносабатларига аралашмайди.

Ҳ. тошни А.дан олиб, сотиш учун Хитойга боради. Лекин тош улар ўйлаган нархга баҳоланмайди. Ҳ. тошни сотолмай ортига қайтгач, А.дан Хитойга бориб-келиш харажатларини қоплашни, шундан сўнг тошни қайтариб беришини айтади. Бундан ғазабланган А. акам билан уришгани келади. Акам: ‘Мен сизларни кўриштириб қўйганман холос, ўрталарингизда қандай гап-сўз бўлганини билмайман, ўзингиз келишиб олинғ, дейди. Орадан беш-олти ой ўтиб, А. уйимизга келди ва жанжал кўтарди. Биз оилавий унга қаршилик кўрсатдик ва у хонадонимизни тарк этди. Шу бўйи бизникига ҳам қайтиб келмади, акамни ҳам безовта қилмади.

Беш йилдан сўнг қимматбаҳо тош можароси яна бошланди. Акамни 2020 йил бошидан бери бир неча марта, ҳатто Рамазон ойида ҳам Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ички ишлар бўлимига чақиришди. Келин иккимиз акамдан нега ички ишлар идорасига бораётганини сўрасак, ‘А.нинг ўша тошини Ҳ.дан мен олиб беришим керак экан. Тергов пайтида бор гапни айтяпман. А. ҳам шунча йил ичида Ҳ.га ҳаражат пулларини бўлиб-бўлиб қайтарганида, шу вақтгача тош ҳам ўзида бўларди’, деганди.
Назаримда, 4-сонли ИИБ бошлиғи П.Мамажонов ва А. тил бириктириб, Ҳ.нинг харажатини акамнинг бўйнига қўймоқчи бўлган. Акам терговга бир неча бор Аъзам ака деган таниши билан бирга борган. У одам ички ишлар соҳасида ишлаб, нафақага чиққан, жуда яхши инсон», — деди Маҳфират Ибрагимова.

«Оғзидан кўпик оқиб, боши ёрилган эди»

Ибрагимованинг таъкидлашича, Алижон Абдукаримов 4-сонли ИИБдаги сўроққа ҳар сафар ўзи бориб келган.

«29 май куни тунги соат 21:30 лар чамаси дарвозамиз тақиллади. Биз ўша пайтда айвондаги сўрида оилавий гаплашиб ўтиргандик. Акам дарвозани очгач, бақир-чақир бўлди. Дарвозахонага борсам, уч-тўрт нафар фуқаро кийимидаги эркак киши акамнинг қўлига кишан тақаётган экан. Келинимиз иккимиз нима бўлаётганига тушунмай, ҳовлимизга бостириб кирганлар қўлидан акамни қутқаришга ҳаракат қилдик. Шу пайт улардан бири ҳомиладор келинни туртиб юборди ва хунук сўзлар айтиб сўкди.

Нотаниш одамлар акамнинг ‘Оёғимга тапочкамни кийиб, ниқобимни тақиб олай’ дейишига ҳам қарамай, оёқ-қўлидан кўтариб, мажбурлаб давлат рақами ёзилмаган оқ рангдаги Nexia-3 машинасига солишди. Улардан ким эканлиги ва ҳужжатларини талаб қилдик. Аммо бизга ҳеч қандай қоғоз кўрсатмай, акамни Андижон шаҳар ИИО ФМБга олиб кетишаётганини айтишди. Кечаси бўлгани учун бирортасининг ҳам юзини яхши эслаб қололмадик.

Шундан сўнг опа ва акаларимга қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтирдим. Улар тезда етиб келишди. Акамни қидириб дастлаб Андижон шаҳар ИИО ФМБга бордик. У ерда акамнинг йўқлигини эшитгач, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ биноси томон йўл олдик. Борган пайтимиз кўчада ўша давлат рақами йўқ бўлган оқ рангли Nexia-3 машинасига кўзим тушди. Бино олдида турган фуқаролар билан гаплашсак, улар икки эркак ичкарига олиб кириб кетилганини айтишди. Бўлим навбатчилари акамнинг ичкарида эканлигини тасдиқлаб, сўроқ тугагач, 15 дақиқада чиқишини айтишди. Ўша тунни бино олдида акамнинг чиқишини кутиш билан ўтказдик.

Тонг соат 4:00 да бинодан Қамариддин исмли ИИБ ходими бир фуқаро билан чиқди. Билсак, у Ҳ. бўлиб, акам иккиси терговга чақирилган экан. Биз Қамариддиндан акам ҳақида сўраганимизда, ‘Алижон ухлаб қолди, тергов қилишга улгурмадик. Уйғонганида саволларимизга жавоб олиб, қўйиб юборамиз’, деди. Шу тариқа акамнинг чиқишини уч соат кутдик.

Соат 7:30 да бино дарвозаси олдига тез тиббий ёрдам машинаси келиб тўхтади. Яқинларим билан ҳайрон бўлиб, бино ичига кирдик. Ходимлар нонушта қилишаётган шекилли, ҳеч ким йўқ экан ва вақтдан фойдаланиб, хоналар эшикларини очиб, акамни излашга киришдик. Опам, акам, жиянларим билан иккинчи хонага кирсак, Алижон акам ҳушсиз ётибди. Оғзидан оқ кўпик оқиб, боши ёрилган, бадани қонга беланган экан. Шифокор ниманидир ҳидлатиб, ёрдам кўрсатишга уринарди.

«Навбатдаги зурриёдини кўриш насиб этмади»

Суҳбат давомида Ибрагимова қимматбаҳо тош можароси иштирокчиларига ҳам ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қонуний чора кўрилишини таъкидлади.

«Оиламиз оддий, яшаш тарзимиз ҳам шундай. Алижон акам 11 фарзанднинг саккизинчиси эди. Ишлаб чиқариш корхонасидан трикотаж кийим-кечакларни олиб, бозорда сотарди. Хотини шу кунларда иккинчи фарзандини дунёга келтириш арафасида. Афсус, акамга навбатдаги зурриёдини кўриш насиб қилмади. Унинг 44 ёшида аянчли вафот этиши албатта, ачинарли.

Худо шоҳид, сизга барча воқеани очиқ айтдим. Балки Ҳ. қимматбаҳо тошни акамда эканлигини таъкидаб, унга туҳмат қилаётгандир. Лекин тош акамда бўлганида, можарога беш йил олдин нуқта қўйган бўларди.

Опа ва акаларим, жиянларим ғазаб, алам устида турибди. Ҳукуматимиз айбдорларга муносиб чора кўришига ишониб, яқинларимни босиқ бўлишларига кўндиряпман. Тош можароси иштирокчилари ва акамнинг устидан ариза ёзган А. ҳамда Ҳ.ни қайта холис тергов қилиб, чора кўришларини, Андижон шаҳар ИИО ФМБ 4-сонли ИИБ бошлиғи П.Мамажоновга қаттиқ жазо берилишини сўрайман», — деди Маҳфират Ибрагимова.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.