Самарқандда ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинаётган ҳудуддаги уй бузилди

Самарқандда ЮНЕСКО томонидан муҳофаза қилинаётган ҳудуддаги уй бузилди

2020 йил 11 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги тиббиёт институтининг янги биноси ёнида Амир Темур кўчасида жойлашган 14-уй бузилаётгани ҳақида хабар тарқалди. Тиббиёт институтининг янги биносини барпо этиш масаласи, шаҳарнинг ЮНЕСКО муҳофазаси остидаги тарихий қисмида жойлашган кўплаб қурилмалар, шу жумладан почтага ёндош бинолар бузилиш таҳдиди остида қолиши маълум бўлганидан сўнг ўтган йили кенг муҳокама қилинганди, деб ёзади Samcity.uz нашри.

Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш давлат инспекцияси ЮНЕСКО рўйхатига кирувчи ҳудудда Самарқанднинг тарихий марказида бузиш ишлари олиб бориш “Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 30, 32 ва 33 моддаларига зид экани ҳақидаги масалани бир неча бор кўтариб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд вилоят бошқармаси ижро ҳужжатлари бажарилишининг тўғри эканини қайта кўриб чиқди.

Маълумотларга кўра, 2020 йил 3 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, унда Самарқанд тиббиёт институтининг янги ўқув бўлими биноси қаршисида Амир Темир кўчасида жойлашган 14-уй масаласи кўриб чиқилди. Суд муҳокамаси натижасида ушбу тарихий уйни бузиш ҳақида қарор қабул қилинган. Волова Элонага тегишли ушбу бинонинг жорий бозор қиймати 640 млн 815 минг сўмни ташкил қилиши қайд этилган. Пуллар Самарқанд шаҳар ҳокимлиги томонидан ўтказиб берилади.
 
Шунингдек Элона Волова ушбу масалани ёритиш илтимоси билан Anhor.uz таҳририятига ҳам мурожаат қилганди. Унинг таъкидлашича, бузиш ишлари ҳеч қандай компенсациясиз ва мулкдорсиз амалга оширилган.

Бош прокуратура ҳузуридаги МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси Samcity.uz таҳририятига 2020 йил 8 сентябрдаги 640 млн 815 минг сўм суммага берилган электрон тўлов топшириқномасининг нусхасини тақдим этди.
 
«Суд қарорига кўра, Миллий банкда Волова Элона номига ҳисобрақам очилди ва унга маблағлар ўтказилди. Волова Элона ёки унинг ишончли вакиллари ушбу маблағлари олиши ёки, унинг сўрови бўйича, маблағлар Исроил Давлатига конвертация йўли билан ўтказилиши мумкин. Суд қарори ижросини давом эттириш учун шаҳар маъмурияти билан ҳамкорликда бинони бузиш ишлари амалга оширилмоқда. Суд томонидан ижро ҳаракатларини тўхтатиш ҳақида қарор чиқарилмагунига қадар ижро ҳаракатларини тўхтатиш учун асослар йўқ. Кўчмас мулк вакилига чегаравий муддат почта орқали жўнатилган, хабарнома эса ишончнома бўйича юборилган», – дейилади хабарда.

Айтиш жоизки, ушбу бино вилоят ҳокимининг 2000 йил 14 мартдаги қарори билан маданий мерос объектлари рўйхатига киритилган. Бироқ Маданият ва спорт вазирлигининг Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бошқармасининг 2010 йил 19 январдаги буйруғига биноан (тарихий-маданий мерос бўйича эксперт комиссиясининг хулосаси) маданий мерос объектлари рўйхатидан чиқариб ташланган.

«Мазкур бино маданий мерос объекти ҳисобланади, унинг бузилиши қонуннинг бузилиши саналади. Бузиш ишлари  Маданий мерос департаментининг хулосасисиз олиб борилмоқда. Бино эгаси Элона Волова айни пайтда Исроилда бўлиб, карантин туфайли Ўзбекистонга кела олмайди. Мулкдорсиз бузиш ҳақида қарор қабул қилиш қонунга хилоф ҳисобланади. Биз ҳеч қандай компенсация олганимиз йўқ» – дейди Элонанинг ишончли вакили Мақсуд Абдужабборов «Зарафшон» нашрига.

ЎзР Бош прокуратураси ҳузуридаги МИБ Самарқанд вилоят бошқармаси қуйидаги сатрлар ёзилган хат нусхасини тақдим этди:

«Самарқанд шаҳри, Амир Темур кўчаси, 14 манзили бўйича жойлашган фуқаролик иншооти Ўзбекистон Республикаси маданият вазири томонидан тасдиқланган Самарқанд вилояти бўйича маданий мерос объектлари давлат кадастрига киритилмаган. Ушбу иншоот фонли қурилма ҳисобланишига қарамасдан у маданий мерос объекти ҳисобланмайди, чунки объектнинг дастлабки қиёфаси ўзгартирилган», – деб ёзади Маданий мерос департаменти.

Anhor.uz таҳририяти вазиятга аниқлик киритиш учун Самарқанд ҳокимлигига сўров юборди.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.