Қонунчилик палатасининг сайловлардан кейинги биринчи мажлисида Президент нималар ҳақида гапирди

Қонунчилик палатасининг сайловлардан кейинги биринчи мажлисида Президент нималар ҳақида гапирди

Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида Нурдинжон Исмоилов палата спикери этиб сайлангани маълум бўлди. Шунингдек спикер ўринбосари лавозими ҳам жорий этилди, унга Акмал Саидов сайланди. Мажлисда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам қатнашди. У парламент ва депутат сўровининг таъсирчанлигини ошириш зарурлигини таъкидлади.

– Афсуски, айрим ҳолларда депутат сўровига раҳбарнинг ўзи эмас, балки унинг ўринбосари, ҳатто бошқарма бошлиқлари жавоб қайтармоқда. Ўзингиз айтинг, қани бу масалада халқ вакилининг обрўси? Парламентга ва депутатга бўлган ҳурмат шуми? Бундай салбий ҳолатларга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди, – деди давлат раҳбари.

Президент парламент ва депутат сўровига вазирлик ва идоралар биринчи раҳбарларининг шахсан ўзлари жавоб бериши шартлигини қонунда белгилашни таклиф қилди. 

Сайловчи ва депутатнинг ўзаро муносабатларига ахборот технологияларини кенг жорий этиш, интернет тармоғи орқали парламент ва депутат сўровини шакллантириш амалиётини йўлга қўйиш даркорлиги таъкидланди.

– Халқ билан мулоқот тизимини мутлақо янги босқичга олиб чиқиб, депутатларни ўз сайловчилари билан боғлаш имкониятини берадиган электрон портал ва мобил иловаларни ишга тушириш лозим. Токи ана шу тизим орқали сайловчи депутатнинг кундалик ишини кузатиб бориш, қонун лойиҳаларини муҳокама қилиш ва улар бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини билдириш имконига эга бўлсин. Яъни, депутат фаолиятига унинг сайловчилари бевосита баҳо берсин. Ана шундагина фуқаро ва парламент ўртасида халқимиз биздан кутаётган ҳақиқий кўприк пайдо бўлади, – деди у.

Президент Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда депутатларнинг малакасини доимий ошириб бориш юзасидан янгича тизим – депутатлик ўқувларини жорий этишни таклиф қилди.

Шунингдек давлат раҳбари қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиши зарурлигини таъкидлади.

«Молия вазирлиги бюджетдан сарфланган ҳар бир сўм учун халқ вакиллари олдида ҳисобот бериши, давлат маблағларини мақсадли сарқлаш масаласида барча идоралар парламент олдида ўз масъулиятини ҳис қилиши керак», – қайд этади Президент.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.