Президент Шавкат Мирзиёев Олмазор тумани Талабалар шаҳарчасида барпо этилган Инновацион ривожланиш вазирлигининг янги биносини бориб кўрди.



Биринчи қаватда кўргазмалар зали, амфитеатр, ёш ихтирочилар хонаси, ахборот бўлими, электрон кутубхона, қаҳвахона, фуқаролар қабулхонаси жойлашган.

Иккинчи қаватда Инновацион ишланмаларни жорий этиш илмий-амалий маркази, робототехника ва мехатроника, интернет дастурлари бўйича замонавий лабораториялар ташкил этилган. Илмий-техник ахборот маркази, Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Интеллектуал дастурий тизимлар илмий-амалий маркази, стартап хоналари учинчи қаватда жойлашган.

Юқори қаватлардан вазирлик ходимлари учун кабинетлар, анжуман заллари ўрин олган. Бу ерда аэрокосмик тадқиқотлар ва 3D прототиплаштириш бўйича ўқув лабораториялар ҳам фаолият кўрсатади.



«Мамлакатимиз юқори технологик соҳалар бўйича дунёдан ортда қолиб кетган. Барча соҳаларни модернизация қилиш, жаҳон билан ҳамқадам бўлиш учун Инновацион ривожланиш вазирлигини ташкил этиб, шундай шароитлар яратдик. Бу жамоа йил якуни бўйича бу борада аниқ амалий натижаларни кўрсатиши керак», - дея қайд этди Шавкат Мирзиёев.