Шавкат Мирзиёев Қонунчилик палатаси депутатларига мурожаат билан чиқди.

«Депутат, аввало, ҳамиша халқ дарди билан яшаши, одамларни қийнаётган муаммоларни ҳал қилиш учун фидойилик кўрсатиб бошқаларга ўрнак бўлиши лозим. Депутатнинг қалби, виждони уйғоқ бўлса, вазирлар ҳам, ҳукумат ҳам, парламент ҳам уйғоқ бўлади», деди Ўзбекистон Президенти Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида.

Президент қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиши зарурлигини таъкидлади. 

– Дарҳақиқат, халқ вакиллари бўлган депутатлар ўз ваколатига асосланиб, жасур, талабчан ва қатъиятли бўлиши, фуқароларнинг манфаатига хизмат қилмайдиган қонунлар қабул қилинишига йўл қўймаслиги шарт. Ҳар бир қонуннинг, таъбир жоиз бўлса, кўзи, оёғи, ижроси бўлиши лозим. Қонун қабул қилиндими, албатта, ҳаётда ўзгариш бўлиши керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек у охирги йилларда аҳоли томонидан билдирилган фикрлар, танқидий мулоҳазалар инобатга олиниб, 16 та қонун лойиҳаси рад этилгани ва ташаббускор идорага қайтарилганини, ҳолбуки, 2010-2014 йилларда бирорта ҳам қонун лойиҳаси қайтарилмаганини қайд этди.