Кечки Анҳор: 20 январь янгиликлари

Кечки Анҳор: 20 январь янгиликлари

Қозоғистон тирик чорва экспортини тақиқламоқда. Ўзбекистонга чорва етказиб бериш ҳажми ошиши сабабли Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги шундай қарорни қабул қилган. «Кейинчалик қайта ишлаш ва қайта сотиш учун тирик чорвани оммавий экспорт қилиш гўшт маҳсулотлари нархининг спекулятив ўсишига асос яратган. Бундан ташқари, юзага келган вазият Қозоғистондаги гўшт қайта ишлаш корхоналари ва бўрдоқига боқиш майдончалари юкламасининг пасайишига олиб келган», – дея қайд этади вазирлик вакиллари.

Тожикистон парламенти Ўзбекистон билан $20 млн миқдордаги инвестицион келишувни ратификация қилишни бошлади. Тез орада Ўзбекистон-Тожикистон қўшма корхонаси Душанбеда чангюткичлар чиқара бошлайди. Тожикистон парламентининг қуйи палатаси кенгаши мажлисида Тожикистон ҳукумати, Тожикистоннинг «Авеста групп» МЧЖ корхонаси ҳамда Ўзбекистоннинг «Artel Engineeringand Management» МЧЖ компанияси ўртасида маиший техника ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил қилиш ҳақидаги инвестицион келишувни ратификация қилиш масаласи кўриб чиқилди. Ўзбекистон ва Тожикистон томонлари уни ташкил қилишга $10 млн.дан маблағ ажратди, маҳсулотни Афғонистон ва Покистонга экспорт қилиш режалаштирилмоқда.

Президент журналистлар ҳақида фикр билдирди. «Ўзимизнинг ва хорижий ОАВга раҳмат. Сайлов жараёнларида жуда фаол бўлишди. Мана дебатлар вақтида кўрдингизлар журналистлар томонидан партия вакилларига қандай кескин, муаммоли саволлар берилганини. Ҳозир ОАВ вакиллари ҳам ўз устида ишлаяпти, улар ўзгаряпти. Мен барча журналистларга ўз миннатдорчилигимни билдирмоқчиман мана шу фаоллик учун. Кўп одамларга журналистлар ёқмайди, лекин улар менга ёқади”, – деди Шавкат Мирзиёев парламентнинг бу йилги биринчи мажлисида.
 
Россиянинг «Ренова» холдинги Ўзбекистондаги қуёш энергетикаси бўйича лойиҳаларга қизиқиш билдирмоқда. Энергетика вазирлигида компания вакиллари билан музокаралар ўтказилди. «Россия томони тажриба алмашиш ҳамда қуёш электр станциялари қурилиши бўйича ўтказиладиган тендерлар орқали Ўзбекистондаги лойиҳаларда қатнашишга қизиқиш билдирди. Бунда компания Ўзбекистонда ҳамкорликда қуёш панелларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этди», – дея қайд этади вазирлик матбуот хизмати.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.