Бишкекда ҳибсга олинган Бобомурода Абдуллаевни Ўзбекистонга экстрадиция қилишлари мумкин, дея хабар беради Бош прокуратура.
 
“Ўзбекистон Республикасининг сўровига асосан, 22.01.1993 йилдаги “Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Минск Конвенциясига мувофиқ, Б.Абдуллаев Қирғизистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олинди”, - дейилади хабарда.

8 август куни ўзбекистонлик журналист Бобомурод Абдуллаев Бишкекда Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасининг ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди. 10 август куни Бишкекнинг Биринчи май район суди уни 2020 йил 8 сентябргача ДМХҚ тергов изоляторига қамади. Журналист “Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз қилиш” ва “Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумига тажовуз қилиш” моддалари бўйича айбланмоқда.

Абдуллаевнинг ўзи эса қирғизистон махсус хизмати томонидан мутлақо асоссиз равишда қўлга олинганини билдирган.