Андижонда фуқаронинг ички ишлар ходимлари томонидан қийноқларга солиниши бўйича суд очиқ мажлис тартибида кўриб чиқилади. Бу ҳақда 1 июль куни Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессиясида Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов айтиб ўтди, дея хабар беради «Дарё» нашри.

«Ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, мазкур жиноят иши суднинг иш юритувига келиб тушган. Суд томонидан жиноят процесуал қонунчилиги талаблари асосида ҳамда очиқлик ва шаффофлик тамойилларига мувофиқ кўриб чиқилиши таъминланади. Шунингдек, ушбу иш бўйича суд жараёни ўтказилиб, суд мажлисларида матбуот ва оммавий ахборот воситалари вакиллари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этиши мумкин бўлади. Уларга суд жараёнини тўлиқ ва ошкора ёритишга барча шарт-шароитлар яратиб берилади», - дейди Олий суд ахборот хизматининг раҳбари.
 
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 июнда Андижонда қийноққа солинган фуқаро вафоти сабаб 3 нафар ИИБ ходими ҳибсга олинган, воқеа 30 майда Андижон шаҳар Салоҳият кўчасида яшовчи фуқаро А.А. тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинишидан бошланган. Фуқаро 11 июнда вафот этган. 14 июнь куни Андижон вилояти Андижон шаҳар бўйича ички ишлар органлари (ИИО) фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси (ФМБ) бошлиғи подполковник Содиқ Усмонов мазкур воқеа сабаб ишдан олинди. Кейинроқ ИИБда беш киши ишдан олингани ва 19 киши жазолангани маълум қилинди. Бош прокуратура айни иш доирасида олиб борилаётган тергов ҳаракатлари давомида 27 июнь куни жиноятга алоқадор деб топилган яна икки киши — 4-сонли ИИБ бошлиғи подполковник П.Мамажонов ҳамда мазкур бўлим жиноят-қидирув гуруҳининг яна бир тезкор вакили ҳам қамоққа олинганини маълум қилган.

Бизни Telegram каналда кузатиб боринг