Марказий банк ҳаракатларининг изчиллиги ҳақида

Марказий банк ҳаракатларининг изчиллиги ҳақида

Ўзбекистон Марказий банки томонидан чоп этиладиган асосий пул агрегатлари динамикасининг таҳлили шу йил февраль ойидан бошлаб МБ айланмадан нақд пулларни фаол тарзда олиб қўя бошлаганини кўрсатмоқда. Хусусан, агар 2020 йил 1 январь ҳолатига муомаладаги нақд пуллар массаси 24 246 млрд сўмни ташкил қилган бўлса, 1 февралга келиб у 22 514 млрд сўмгача (7,15% га), 1 мартга эса 22 227 млрд сўмгача (ёки 2 ой ичида 8,33%га)  камайди.

Эски амалиёт

Бу ЦБнинг инфляцияни қисқартириш ва талабни, шу жумладан нақд чет эл валютасига бўлган талабни сунъий тартибга солиш бўйича одатий, йиллар давомида синовдан ўтган амалиётидир. Аммо бундай нақд пул массасининг сезиларли ва кескин камайиши, мавсумий нархлар ошиши, янги солиқ ташаббуслари билан бир қаторда, майда савдогарлар турли баҳоналар остида тўлов карталарини қабул қилмай қўйишига олиб келди.

2020 йил 15 март куни Ўзбекистонда аҳоли ва иқтисодиётни коронавирус оқибатларидан ҳимоя қилиш бўйича илк чоралар эълон қилинди, одамлар орасида ваҳима бошланди ва улар кўп миқдорда озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб ола бошлади.

Воқеалар ривожи

2020 йил 16 март куни халқ энг зарур маҳсулотларни харид қилган ҳолда, банкларга боришни ва ўз депозитларини диққат билан ўрганишни, пул қолдиқларини ечиб олиб, “узоқ давом этадиган қамал”га тайёрланишни бошлади.

Бу орада савдо соҳаси нархларни оширишни ва юқори маржа олишни бошлади. Ушбу маржа ҳам АҚШ долларига конвертация қилиниб, банклар “обороти”дан чиқариб олинди.

МБ бошқармаси бошлиғи Хасанхўжа Обидов 4 апрель куни ўтказилган брифингда аҳоли пандемия туфайли омонатларини кескин ечиб ола бошламаганини ва умуман, банкларнинг ликвидлилиги жойида эканини билдирди. Бундан ташқари, МБда зарурат бўлганида банкларнинг ликвидлилигини ушлаб туриш учун барча воситалар мавжуд. Афсуски, Марказий банк қай даражада ҳақ эканини баҳолаш учун 1 апрель ҳолатига кўра пул агрегатлари ҳақидаги маълумотлар ҳали чоп этилмаган.

Маълумки, 2020 йил 1 март ҳолатига кўра аҳолининг тижорат банкларидаги жамғармалари 21 437 млрд сўмни ташкил қилган ёки аҳоли боши сонига 630,5 минг сўм. Бу маблағларни “хавфсизлик ёстиқчаси” деб айтиш мумкинмас, чунки улар узоқ муддатли харидлар учун етмайди, чунки улар а) биринчи зарурат товарлари ҳисобланмайди (шахсий гигиена маҳсулотлари); б) ажиотаж талаб туфайли уларнинг нархи ошиб кетди.

Дейлик, “хавфсизлик ёстиқчаси” сифатида қараш мумкин бўлган 3-4 фарзандли оилада 1,9-2,5 млн сўм жамғарилган пул бор. Аммо бу маблағ фақат биринчи зарурат товарларига узоғи билан 2-3 ҳафтага етади, холос.

Табиийки, аҳоли, биринчи навбатда, қўлида бор пулдан фойдаланади, фақат шундан кейингина банкдан депозит ҳисобдаги пулларни шахсий ҳисобга ўтказишни сўрайди. Шундай экан, депозитларнинг реал динамикасини кейинроқ билиб оламиз.
 
Банкларнинг ликвидлигига нима бўлди

МБнинг банклар ликвидлилиги жойида ва вазиятни тўғирлаш учун ресурслар етарли экани ҳақидаги баёнотига ҳам ишониш қийин, чунки акс ҳолда Марказий банк МБда депонентланадиган тижорат банклари мажбурий резервларининг ўртачалаштириш коэффициентини 0,25 дан 0,35 гача ўзгартириш ҳисобидан 2,6 трлн сўм миқдорда банклар ликвидлилигини “мустаҳкамлаб” олганини қандай тушунтириш мумкин.

Билмайдиганларга шуни айтишимиз керакки, аслида МБ тижорат банкларига қўйиладиган резерв талаблари ҳажмини оширди ва уларни МБнинг ўзида кўпроқ пул сақлашга ҳамда уларни ўз ихтиёрига кўра сарфламасликка мажбур этди. Юқорида тилга олинган брифингда ваъда қилинган МБ ҳисобидан бериладиган қўшимча 2 трлн сўмни тижорат банклари умуман кўргани йўқ.

МБ банкларнинг ҳам сўмларда, ҳам валютадаги ликвидлилигини мустаҳкамлаш учун “жонил пуллар”ни ажратиш нияти йўқлиги маълум бўлди. Банклардан депозитларнинг оммавий қайтиши, банкларга миллий валютадаги пул маблағларини АҚШ долларига конвертация қилиш шароитларида ликвидлилик нормативларини бажариш қийин бўлади. Бунинг устига банклар кредит портфелининг тахминан 70% ни (истеъмол ва тижорат), тўлов муддатларини орқага сурган ҳолда, реструктуризация қилишга мажбур. Мижозларнинг қолган 30% ҳам кредитларни узишга шошилмаяпти, чунки улар ҳам ўз маҳсулотига бўлган нархларнинг жиддий ошишини кутмоқда, чунки шунда кредит “арзонроқ”қа тушади.
 
Боши берк кўчага қараб юриш: банк-савдо
 
Давлат бюджет ташкилотлари ва корхоналари, биринчи навбатда, ўз ходимларига иш ҳақини аванс тариқасида берган ҳолда уларни қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилгани ҳам муаммони чуқурлаштирди. Аҳоли томонидан сарфланган пуллар эса оммавий равишда савдо тармоқларда “ўтириб” қола бошлади, уларнинг эса пулларни банкка қайтариш нияти йўқ. Улар ҳар қандай йўл билан пулларни айланмадан чиқариб олишга уринмоқда – нақд пул қилиб олишяпти, долларга айирбошлашяпти ва банклардан ташқарида сақлашяпти. Улар шу тарзда валюта девальвацияси таваккалларидан ўзини ҳимояламоқда.

Солиқ қўмитасининг МБга юридик ва жисмоний шахсларнинг барча ҳисобрақамларидаги 30 млн сўмдан ортиқ маблағларнинг ҳаракатланиши ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш ташаббуси уларнинг хавотирлари бежиз эмаслигидан далолат беради.
 
Бошқа томондан, тижорат банклари ҳам, фақат ўзининг очиқ валюта позицияларига асосланган ҳолда, узоқ вақт давомида аҳоли томонидан конвертацияга бўлган юқори талабни ушлаб тура олмайди. Банкларнинг доллар суммаси чексиз эмас, шу боис улар ҳам валютани ҳозир сотишдан мамнун эмас, чунки улар доллар қийматининг ўсишини кутмоқда.
 
Марказий банкнинг жавоб чоралари
 
2020 йил 14 апрель куни Марказий банк 2015 йилдан буён илк бор қайта молиялаштириш ставкасини 16% дан 15% га пасайтириш ҳақида эълон қилди ва бу билан монетар вазият барқарор экани ва иқтисодиётни миқдорий рағбатлантириш бўйича чораларни фаол қабул қилиш вақти келгани ҳақида бозорга сигнал берди.

Агар Марказий банкнинг шу йил 25 мартдаги баёнотинива бунинг учун танланган вақтни (одамларнинг ҳаракатини чеклаш бўйича мажбурий чоралар туфайли иқтисодиёт қисман тўхтаб қолган бир пайтда) ҳисобга оладиган бўлсак – жуда ғалати қарор.
 
Аммо асосий янгилик шундан иборатки, МБ банклар босимига берилиб, уларга конверсион айирбошлаш курсини мустақил равишда ва турли электрон иловалар орқали ўрнатишга рухсат берди. Тижорат банклари шу заҳоти 14 апрель соат 20:00 дан бошлаб ўз айирбошлаш курсларини 1 АҚШ доллари учун 10050/10150 сўм атрофида белгилай бошлади.
 
Нима дейиш мумкин
 
Биринчидан, валютани айирбошлашнинг кўплаб курсларига эга, валюта қиймати турлича бўлган иқтисодиётнинг шаклланиш жараёни бошланди, бу яна ишлаб чиқариш-савдо мувозанатининг бузилишига олиб келади. Гапнинг индаллосини айтсак, биз 2017 йил сентябрида нимадан воз кечган бўлсак, яна шунга қайтяпмиз.

Иккинчидан, 13 апрелдаёқ, яъни бир кун олдин МБ “миллий валюта курсининг кескин девальвацияси эҳтимолини паст сифатида баҳолашини” ва дастлабки прогнозларга кўра, қисқа ва узоқ муддатли даврда сўмнинг айирбошлаш курси унинг фундаментал трендига яқин тарзда, бироз ўзгаришлар билан шаклланиши ҳақида билдирганди.

Шунингдек Марказий банк тижорат банкларининг кассаларида конверсион амалиётларни ўтказиш учун нақд чет эл валютасининг ҳажми етарли эканини ва барча қоғоз пуллар дезинфекцияланганини маълум қилади. Банкларнинг айирбошлаш пунктлари одатий режимда ишламоқда ва нақд чет эл валютасини харид қилиш ва сотишга банклар томонидан ҳеч қандай лимитлар ва чекловлар ўрнатилмаган».
 
Шундай қилиб, ушбу қарор назаримда МБга бўлган ишончга жиддий путур етказди.

Бу қарорни оқлайдиган ягона нарса шуки, МБ Молия вазирлиги билан ҳамкорликда мижозларга энг яхши айирбошлаш курсини таклиф этиш, аҳоли томонидан, келгусида эса юридик шахслар томонидан ўз валюталари сотилишини рағбатлантириш йўли билан бюджетнинг ошган харажатларини молиялаштириш манбаларини топиш ва банкларнинг чет эл валютасидаги ликвидлилигини қўллаб-қувватлаш бўйича дастур ишлаб чиқди.

Прогноз

Бу мақсадларга эришилиши даргумон. Импорт миқдори шундоқ ҳам қисқарган бўлиб, юқори миқдордаги импорт божлари ғазнага тушмайди. Бу импорт қилинадиган товарлар нархининг жиддий ўсишига олиб келади ва ўз навбатида банклардан маблағларнинг “қочишини” келтириб чиқаради.

Ва, ниҳоят, энг қайғули томони: МБ валюта курсининг девальвацияси келгусида ҳам бўлиши мумкинлиги ҳақида бозорга сигнал берди. Бу валютага бўлган ажиотаж талаб давом этишини билдиради.

Юзага келган вазиятда Молия вазирлигига барча маънода Марказий банк сотиб олиши мумкин бўлган давлат облигацияларини эмиссия қилиш осонроқ ва манфаатлироқ бўларди. Шу тарзда пуллар “банк-савдо” боши берк кўчасига бир марта айланиб айирбошлаш курсига тазйиқ ўтказмасдан, бир неча марта айланиб келарди.
 
Абдулла Абдуқодиров
Anhor.uz нашрининг иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.