Британия музейи Ўзбекистондан ўғирланган тарихий ёдгорликни қайтаришга ёрдам берди

Британия музейи Ўзбекистондан ўғирланган тарихий ёдгорликни қайтаришга ёрдам берди

Британия музейи Бухоронинг Вобкент туманида жойлашган Чашмаи Аюб мақбарасининг ўғирлаб кетилган олд қисми парчасини Ўзбекистонга қайтаришга ёрдам берди.

Узунлиги ярим метрдан ортиқ бўлган, араб ёзуви туширилган парча 2014 йилда ғойиб бўлган ва шу пайтга қадар изсиз йўқолган деб ҳисобланарди, аммо яқинда у Лондондаги Mayfair галереясида сотувга қўйилган.

Яқинда Ўзбекистонда бўлган Оксфорд олими йўқолган плита тасвирини Саймон Рэй галереяси каталогида кўриб қолган.

Уни сотиб олган Рэй шу заҳоти Британия музейи билан боғланган. Рэйнинг айтишича, унга бу парча Германиядаги коллекциялардан бирида сақланганини айтишган.

Музейнинг катта куратори Сент-Жон Симпсон тарихий ёдгорликнинг ўғирланишини даҳшатли деб атади ва буни Вестминстер аббатлигидаги ёдгорлик доскасининг ўғирланиши билан қиёслади.

“Бу Марказий Осиёдаги энг қадимий, йирик ва гўзал тарихий ёдгорликка тегишли парча”, — дейди музей вакили.

Ушбу ҳафтада ёдгорлик Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонасига расмий равишда тақдим этилади.
 
The Guardian нашрининг ёзишича, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов нодир ёдгорлик қайтарилаётганлиги муносабати билан ўзининг чуқур миннатдорлигини билдирган.
 
Маълумотнома: Бухородаги Чашмаи Аюб мақбараси тарихий манбаларга кўра Амир Темур фармойишига биноан барпо этилган. Бу ҳақда зиёратхона деворида Амир Темур фармойишига биноан 1379 йилда унга тақаб кулоҳий гумбазли катта хона, бурчакларида миноралари бўлган даҳлиз қурилганлиги ёзилган.
 
Муқаддас зиёратгоҳ биноси тўғри тўртбурчак тарҳли бўлиб, ғарбдан шарққа чўзилган 4 хонадан иборат, ҳар бир хона бир-бирига ўхшамаган гумбазлар билан қопланган. Бинонинг қадимий қисми ичкарида қолган. Ривоятларда Айюб алайҳиссалом бу сувсиз жойдан ўтатуриб ҳассаси билан ерга урган ва чашма ҳосил бўлган, дейилади.

Манба: Спутник нашри

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.