«Қора душанба» Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади

«Қора душанба» Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатади

Ўзбекистон иқтисодиётини қийин синовлар кутмоқда, улар охир-оқибатда давлат бюджетининг ижтимоий мажбуриятлари бажарилишига ҳам таъсир қилиши мумкин.
Жаҳон товар-хомашё ва молия бозорларидаги охирги ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир кўрсатиши мумкин. 2020 йил 9 март куни Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Молия вазирлиги ва Марказий банк билан ҳамкорликда ўтказилган мажлисда шу ҳақда сўз борди. Шунингдек, бу ҳақда ўзининг Twitter ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт ва саноат вазири Жамшид Қўчқоров ҳам маълум қилди.
 
Ҳукумат мамлакат иқтисодиёти учун юзага келаётган таҳдидларга нисбатан тезкор чоралар кўраётгани, бу ҳақда оммага хабар бериши кишини қувонтиради, албатта, чунки нефть нархларининг тушиб кетиши туфайли юзага келган “қора душанба” Ўзбекистон билан иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан чамбарчас боғланган Россия валютасига жиддий таъсир кўрсатди.

Бозорлардаги саросималик

Савдолар натижалари бўйича Британиянинг FTSE 100 индекси 7,69% га, Франциянинг CAC 40 индекси 8,39% га, Германиянинг DAX индекси 7,94% га, Италиянинг FTSE MIB индекси эса 11,17% га пасайди.

Аммо Россия компаниялари жуда катта зарар кўрди: акцияларнинг қиймати  “X5 Retail Group”да -22,5% га; “ВТБ”да -17,2% га; “ГМК Норникель”да -6,7% га; “Газпром”да -20,4% га; “Газпромнефть”да -13,6% га; “Евраз”да -15,9% га; “Лента”да -7,7% га; “Лукойл”да -22,1% га; “ММК”да -7,3% га; “Магнит”да -19,9% га; “НЛМК”да -14,2% га; “Новатэк”да -22% га; “Роснефть”да -24,2% га; “Ростелеком”да -8% га; “Русагро”да -8% га; “Сбербанк”да -25,5% га; “Северсталь”да -15,4% га; “Сургутнефтегаз”да -21,6% га; “ТКС банк”да -27,8% га; “Татнефть”да -25,4% га тушиб кетди.

Нью-Йорк биржасидаги савдолар улар бошланганидан кейин 15 дақиқадан сўнг тўхтатилди. Аммо Нью-Йорк биржасида савдолар тикланганидан кейин АҚШ фонд бозоридаги котировкалар тушиш суръатини қисқартирган, аммо тушиш давом этмоқда.
Dow Jones яна 5,85% га (24 350,78 банд даражасида ўрнашди), S&P 500 индекси – 5,78%  га (2800,71 бандида турибди), Nasdaq индекси 5,46% га тушди (8107,15 бандгача).

Бизда нима дейишмоқда

Шундай қилиб, Жамшид Қўчқоров қуйидаги жиҳатларни қайд этади:

·         Товар-хомашё бозорларидаги нархлар ва котировкалар тушиб кетишининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири нейтрал бўлмоқда. Табиий газ нархларининг тушиб кетиши, Ўзбекистоннинг савдо шериклари ҳисобланган мамлакатлар валютасининг девальвацияси экспорт тушуми ҳажмларининг пасайишига ҳам таъсир кўрсатади. Бироқ, шу билан бирга, импорт қилинадиган нефть нархларининг пасайиши ташқи савдо балансини бироз компенсациялайди;
·         Олтин нархлари ошмоқда, бу ҳам бошқа товарлар экспортидан тушадиган даромаднинг пасайишини компенсациялайди.
·         Шунга қарамасдан, кўп нарса нархларнинг қай даражада узоқ тушишига ва нархлар бундай паст даражада қанча вақт туришига боғлиқ.
·         Умуман олганда, Ўзбекистон иқтисодиёти давлат бюджетининг режалаштирилган параметрлари бажарилишини таъминлаш учун етарлича барқарордир.

Ҳукумат содир бўлаётган салбий тенденцияларнинг мамлакатнинг макроиқтисодий барқарорлигига таъсирини минимумга етказиш бўйича қарорларни ишлаб чиқиш учун махсус гуруҳни ташкил қилди. Шунингдек ушбу масала шу йил 13 март куни Москвада бўлиб ўтадиган МДҲ мамлакатлари иқтисодий кенгаши  саммитида ҳам муҳокама қилинади.

Махсус ташкил қилинган идоралараро ишчи гуруҳ  “қора душанба”нинг салбий самарасини минимумга етказиш бўйича ўз тавсияларини ишлаб чиқишига умид қиламиз. Бироқ вазият оддий эмас: омиллардан қай бири ёки уларнинг қандай комбинацияси конкрет товар ривожининг истиқболларига таъсир кўрсатишини аниқ айтиш қийин. Нью-Йорклик танишим ёзганидай “бозорга нима таъсир кўрсатаётгани тушунарсиз, вирусми ёки Саудия Арабистони, ёки Россия, ёки АҚШ: жуда юқори турбулентлик”.

Нималар ҳақида гапиришмаяпти

“Қора душанба”гача қиш илиқ келгани учун барча мамлакатлар (коронавирус туфайли Хитой ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари ҳам) газ истеъмоли ҳажмларини сезиларли даражада қисқартиргани тушунарли эди. Бундай вазият анчадан буён кузатилмоқда, шу боис ҳукуматнинг қачон момақалдироқ чақнашини кутган ҳолда, кутиш позициясини эгаллагани ғалати. Фақат эндигина Ўзбекистон ҳукумати Хитойга табиий газ экспорти ҳажмларини қисқартириш ҳақида хитойлик компаниялар билан музокаралар олиб бораётгани ҳақидаги хабарлар пайдо бўлмоқда.

Бундай вазиятда Россия ўзбек газини фойда билан қайта сота олмаслиги ҳам аниқ, демак Россия ҳам ундан воз кечади.

Аммо, агар ташқи бозор сезиларли даражада чекланган бўлса, унда эҳтиёжлари ҳатто ярмигача қопланмаган ички бозор қолади. Хўжалик юритувчи субъектларни табиий газдан кўмирга ва бошқа енгил топиладиган ёқилғига мажбурий ўтказиш сиёсати ўзини оқламади. Энди эса у мутлақо бемаънилик касб этмоқда.
Ўзтрансгаз учун табиий газни йирик улгуржи корхоналарга етказиб бериш ва тўловлар билан муаммоларга эга бўлмаслик анча қулайроқ бўларди. Бунинг устига бизнинг ички йирик газ истеъмолчиларимиз ҳам ўзларини худди социализмдагидай тутишди, яъни ўзлари хоҳлаган ҳажмда истеъмол қилиб, тўлиқ ҳажмда тўлашмади.

 
Ҳозир мамлакатнинг табиий газ қазиб чиқариш ва ундан фойдаланиш бўйича ёнилғи-энергетика сиёсатини қайта кўриб чиқиш учун қулай вақт келди. Энди ички бозорнинг эҳтиёжларини қондиришни устувор йўналиш қилиб олиш зарур, бу сарфланган газга қўшилган қийматнинг уни қўшни мамлакатларга оддий экспорт қилишдан кўра бир неча баравар кўпроқ ўсишини таъминлаган бўларди. Бу ерда сўз нафақат газ истеъмолчилари бўлган йирик саноат корхоналари ҳақида, балки газ уларга уйида, ўз туғилган жойларида қолиб, ерга ишлов бериши учун зарур бўлган кичик ва ўрта бизнес корхоналари, уй хўжаликлари бормоқда.

Умуман олганда, бизнинг ҳисоб-китобларга кўра, Россия Федерациясига экспорт ҳажми камида 1,1-1,2 млрд долларга қисқаради. Бу асосан Россиянинг ўзбек газини импорт қилишдан воз кечиши, тўқимачилик ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспортини қисқартириши туфайли юз беради. Бунда импорт ҳажми катта миқдорга қисқариши мумкин. Бунга асосан Хитойдан машиналар ва хомашё ресурсларини импорт қилиш суръатларининг пасайиши ҳамда мамлакат Марказий банкининг босими остида тадбиркорлик субъектларининг тижорат банклари томонидан кредитлаш ставкалари йиллик 28% гача ошиши сабабчи бўлади.

Қўчқоровнинг оптимиз руҳидаги айтилган сўзларига қўшилолмайман, чунки бизнинг газ тармоғимиз ҳамда ранглик металларни ишлаб чиқарувчи ва экспорт қилувчи корхоналаримиз, Россияга экспорт қилишга мўлжалланган агросаноат комплекси корхоналари учун қийин даврлар келди. Шундай экан, ҳар бир тармоқ учун шошилинч қутқариш чоралари дастурини, шу жумладан бир марталик давлат дастурлари асосида инвестицияларни фаоллаштириш чораларини ишлаб чиқиш зарур.
 
Жамшид Қўчқоров меҳнат муҳожирларидан келадиган тушумларнинг кескин камайиши билан боғлиқ жиддий ижтимоий муаммо ҳақида негадир гапирмади.Россиядан келадиган пул ўтказмалари миқдорининг рублнинг айирбошлаш курсига аниқ тескари боғлиқлигини кўрсатадиган Жаҳон банкининг тадқиқоти мавжуд. 2010-2014 йиллардаги нисбатан барқарор айирбошлаш курси йилларида пул ўтказмаларининг ҳажми деярли 2 бараварга ошганди. Ва аксинча, 2015-2017 йилларда турбулентлик ва рублнинг айирбошлаш курси тушиб кетиши натижасида ушбу ҳажмлар рекорд паст кўрсаткичларгача камайиб кетди (2016 йилда 31 млрд АҚШ доллари).


 
Агар ушбу жадвалда аниқланган икки кўрсаткичнинг (айирбошлаш курси ва ўтказмалар миқдори) тескари боғлиқлигидан келиб чиқиладиган бўлса, унда 2020 йилда Ўзбекистонга пул ўтказмалари ҳажми 0,8-0,9 млрд АҚШ долларига қисқаришини тахмин қилиш мумкин. Бу эса мамлакатда эндигина ўз фаолиятини бошлаган камбағаллик даражасини пасайтиришга дастурига бериладиган жиддий зарба бўлиши мумкин.

Бундан ташқари, агар вазият яқин орада барқарорлашмаса, унда 0,7-0,8 млн меҳнат муҳожири Ўзбекистонга қайтади ва уларни иш билан таъминлаш керак бўлади.
Шундай экан, Ўзбекистон иқтисодиётини қийин синовлар кутмоқда, охир-оқибатда улар давлат бюджетининг ижтимоий мажбуриятларини бажаришга таъсир қилиши мумкин.
 
Абдулла Абдукадиров, колумнист,
Anhor.uz нашрининг иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.