Ўзбекистон Евросиё иқтисодий кенгашини ҳозирча кузатмоқда

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий кенгашини ҳозирча кузатмоқда

«Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий кенгаши (ЕОИК)га қўшилиши ҳақида қарор қабул қилди ва бу масала устида ишланмоқда», – деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов билан учрашув чоғида РФ федерациялар кенгаши спикери Валентина Матвиенко. Ҳозирча anhor.uz нашрида ушбу баёнотга расмий шарҳлар йўқ.
 
Бугунги кунда ЕОИКга Арманистон, Белоруссия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради. Агар Ўзбекистон ҳақиқатдан ҳам ЕОИК таркибига кирса, унда Матвиенко хонимнинг фикрича, мамлакатларимизда «икки томонлама ўзаро алоқалар учун янги имкониятлар пайдо бўлади, давлатлараро муносабатларда мавжуд бўлган тўсиқлар бартараф этилади. Бу жаҳон амалиётларига мувофиқ келади ва глобаллашув жараёнларини инобатга олади. Мувофиқлаштириш жараёни чўзилиб кетмайди деб умид қиламан, биз Евросиё оиласи доирасида ҳамкорлик қилиш имконига эга бўламиз».

Мамлакатимиз ЕОИК имкониятларига анча шубҳа билан қараб келганини эслатиб ўтиш ортиқчалик қилмайди, деб ўйлайман. Хўш, энди нима ўзгарди? Кўп нарса. ЕОИК тажрибага, нуфузга эга бўлди, мана энди ҳозирги ҳолатида реал қизиқиш уйғотиши мумкин.

Энди нималарга эга бўлишимиз мумкинлигига конкрет мисол келтираман. Кеча Олий Евросиё иқтисодий кенгаши Товарлар эркин савдоси тўғрисида келишувни ҳамда Сингапур билан қамровли иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида рамкали келишувни имзолади. Кейинроқ хизматлар савдоси тўғрисида ва инвестициялар тўғрисида бешта (балки энди Ўзбекистон билан олтитадир) икки томонлама келишув имзоланади. Бу “товарлар + хизматлар + инвестициялар” форматида кенг қамровли эркин савдо зонасини яратиш имконини беради.
 
Эркин савдо зонаси ҳақидаги келишув божларга тааллуқли бўлиб, нотарифли тартибга солишнинг барча соҳаларига, шу жумладан техника, санитария ва фитосанитария соҳаларини ҳам ўз ичига олади.
 
Сингапур ЕОИК мамлакатларининг барча товарларига олиб кириш божларини қўлламайди – тасаввур қиляпсизми, қандай бозор очиляпти? Сингапур орқали Ўзбекистон маркаси остидаги товарлар Жануби-Шарқий Осиёнинг улкан бозорида тақдим этилиши мумкин.

АSEАN – божсиз савдо зонаси. Транс Тинч океан шериклиги орқали эса мамлакатимиз Япония, Канада ва Мексика бозорларига ҳам чиқиши мумкин. Бунақасини бизнесимиз фақат тушида кўриши мумкин эди. Шу билан бирга ЕОИКнинг тариф мажбуриятлари Келишув кучга кирганидан кейин бутун товар номенклатурасининг 40% ва барча ўтиш даврлари якунланганидан сўнг 87% ни ташкил қилувчи Сингапур товарлари учун божсиз айланишни тақдим этишни кўзда тутади. Ҳа, даставвал, бизнесимиз бироз тангликни ҳис қилиши мумкин, аммо бу адолатли тизим, Шарқдаги буюк қўшнимиз таклиф қилаётган нарса эмас. Бу ерда ҳамма баравар: божхонани тартибга солиш, экология, давлат харидлари, электрон савдо соҳаларида ва, ҳатто, интеллектуал мулкни ҳимоя қилишни таъминлаш соҳасида ҳам терговлар ўтказиш, савдони ҳимоя қилиш чораларини жорий этиш қоидалари ҳамда ҳамкорлик шартлари аниқ белгилаб қўйилган.
 
ЕОИК ва Сингапур 2015 йилдаёқ келишув тузиш имконияти ҳақида маслаҳатлашувларни бошлаган эди (солиштириб кўринг: Вьетнам билан биринчи шундай шартномани тайёрлашга олти йил вақт кетди, аммо самарасига бир қаранг: савдолар ҳажми 2016 йил якунлари бўйича $4,3 млрд.дан 2017 йил якунлари бўйича $5,9 млрд.гача ва 2018 йил якунлари бўйича $6,7 млрд.гача ўсди).

«Коммерсант» экспертлари ЕОИК имкониятларини қуйидагича баҳоламоқда: “Ўтган йили иттифоқ мамлакатлари Хитой билан нопреференциал келишувни (божлар камайишини кўзда тутмайди) имзолади ва Эрон билан савдо-сотиқда қатор товарлар бўйича тарифларни бекор қилиш ҳақида келишиб олди”. ХХР билан бўлган ҳолатда асосий мақсад – ҳозир бозорга чиқишни чеклайдиган носавдо тўсиқларини (шу жумладан, ички бозорни ҳимоя қилиш, савдодаги техник тўсиқлар, санитария ва фитосанитария чоралари) камайтиришдан иборат. Шунингдек ушбу ҳужжат Хитой билан савдоларда ЖСТ нормаларидан фойдаланишни белгилайди (ҳозирча ЕОИК мамлакатлари ЖСТга тўлиқ кирмаган, чунки Белорусия ташкилот аъзоси эмас). Эрон билан Келишув эса (уч йилга тузилган) саноат товарлари ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича ўртача тарифни камайтиришни кўзда тутади”. Буларнинг ҳаммаси, эҳтимол, бизнинг ҳам келажагимиздир.
 
Аммо муаммоларни ҳам қайд этиб ўтмаса, anhor.uz ўз қоидаларига зид иш тутган бўларди. ЕОИК мамлакатлари ички савдодаги тўсиқларни етарлича тез олиб ташламайди, шунингдек иттифоқнинг ҳуқуқий базасида тугатилган тўсиқларни тиклашнинг олдини олиш механизми ҳам йўқ. Ҳа, бу борада ишлар олиб бориляпти. Иттифоқ доирасида 2025 йилгача интеграцияни ривожлантириш бўйича таклифлар лойиҳаси бор. У Евросиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) томонидан тайёрланган бўлиб, мувофиқлаштириш учун иттифоқ мамлакатларига юборилган. Ҳужжат anhor.uz таҳририятида ҳам бор, мана унинг асосий бандлари:
 
Ҳужжатда асосан иттифоқнинг ички бозорида мавжуд бўлган турли чекловларни олиб ташлашга қаратилган тадбирлар санаб ўтилган. Унда умумий бозор ишлаши учун 71 та тўсиқ белгиланган бўлиб, уларнинг орасида 17 та тўсиқ (яъни ЕОИК нормаларининг тўғридан-тўғри бузилиши), 16 та истисно (умумий қоидалардан қонуний равишда четга чиқиш) ва 38 та чеклов (умумий норматив база йўқлиги туфайли мавжуд бўлган тўсиқлар) мавжуд. Ҳолбуки бор-йўғи икки йил олдин улар 60 та (мос равишда 9, 17 ва 34) эди. Афсуски, бу бюрократлар ишининг оқибати.  

Режада ўлчовларнинг мувофиқлигини ва уларнинг бирлигини таъминлашни баҳолаш соҳасида рухсат берувчи ҳужжатларнинг электрон шаклларига ўтиш ҳам белгиланган (умуман олганда, бу ерда ижро муддатини 2021 йилдан 2025 йилга кўчириш таклиф қилинган). 2025 йилга томонлар, ниҳоят, бир-бирининг электрон рақамли имзоларини тан олишни бошлаши керак (ушбу муаммо ҳам олиб ташланиши керак бўлган тўсиқлар рўйхатида бор). 2022 йилга келиб маҳсулот ва хизматлар кўрсатиш сифатини таъминлашнинг ягона тизимини яратиш, шунингдек халқаро стандартларни келишилган тарзда ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳамда маҳсулот сифатини баҳолаш учун инфратузилмани (синов мажмуаларини) ривожлантиришни мувофиқлаштириш таклиф этилган. Яна бир блок божхона инфратузилмаси ва божхоналар ҳамда ташқи савдо иштирокчилари орасида маълумотларнинг электрон айланмасига қўйиладиган талабларни унификациялашга тааллуқли.   

Агар бу бизни қўрқитмаса, нега энди ЕОИКга ъзо бўлмаслигимиз керак?
 
Юрий Черногаев.
 
Мавзу бўйича қаранг:
Евросиё иқтисодий кенгашида нимани йўқотдик

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.